scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЎШ ТУРГАН БИНОЛАРИНИ ИЖАРАГА БЕРИШДАГИ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАР (ТОШКЕНТ ШАҲАР КАСБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ МИСОЛИДА)

Турманкулов Норпўлат Саъдуллаевич

Abstract

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасидаги бюджет ташкилотларига тегишли бўлган, фаолиятда вақтинча фойдаланилмаётган биноларни ижарага бериш жараёнида юзага келаётган муаммолар таҳлил қилинади. Давлат мулкидан самарали фойдаланиш масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлган соҳадир. Мақолада бу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий базалар, амалиётдаги муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, халқаро тажрибалар ва тегишли ечим таклифлари илмий асосда ёритилган. Тадқиқот натижалари ушбу соҳада давлат сиёсатини такомиллаштириш ва хусусий секторни жалб этишда амалий аҳамият касб этади.

Full text

INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 324 БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЎШ ТУРГАН БИНОЛАРИНИ ИЖАРАГА БЕРИШДАГИ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАР (ТОШКЕНТ ШАҲАР КАСБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ МИСОЛИДА) Турманкулов Норпўлат Саъдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети мустақил тадқиқотчиси https://doi.org/10.5281/zenodo.17265842 Бугун дунёдаги мураккаб жараёнлар иқтисодиётга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Маблағ топиш, жамғариш, кўпайтириш тобора қийин бўлиб бормоқда. Бундай шароитда бор манбалардан самарали фойдаланиш, тежамкорлик ва аниқлик янада муҳим.1 Аннотация. Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасидаги бюджет ташкилотларига тегишли бўлган, фаолиятда вақтинча фойдаланилмаётган биноларни ижарага бериш жараёнида юзага келаётган муаммолар таҳлил қилинади. Давлат мулкидан самарали фойдаланиш масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлган соҳадир. Мақолада бу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий базалар, амалиётдаги муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, халқаро тажрибалар ва тегишли ечим таклифлари илмий асосда ёритилган. Тадқиқот натижалари ушбу соҳада давлат сиёсатини такомиллаштириш ва хусусий секторни жалб этишда амалий аҳамият касб этади. Аннотация. В данной статье проводится анализ проблем, возникающих в процессе сдачи в аренду зданий, принадлежащих бюджетным организациям Республики Узбекистан, которые не используются в деятельности. Вопрос эффективного использования государственного имущества является сферой, имеющей не только экономическое, но и социальное значение. В статье на научной основе освещаются правово-нормативная база в этой сфере, проблемы на практике, причины их возникновения, международный опыт и соответствующие предложенные решения. Результаты исследования имеют практическое значение для совершенствования государственной политики в данной области и привлечения частного сектора. Калит сўзлар: бюджет ташкилоти, давлат мулки, ижара, бўш бинолар, самарали бошқарув, давлат-хусусий шериклик, электрон аукцион, ҳуқуқий база, мониторинг, хусусийлаштириш. 1 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 16 октябрь куни иытисодиётдаги устувор вазифалар юзасидан кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан. INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 325 Бугунги глобал иқтисодий шароитда давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳар бир мамлакат учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда давлат мулкини ҳисобга олиш, баҳолаш ва ундан фойдаланишнинг шаффоф механизмини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун хизмат қиладиган бюджет ташкилотлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тизимида муҳим ўрин тутади. Улар фаолиятини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Бироқ охирги йилларда кўпгина бюджет ташкилотлари тасарруфидаги бино ва иншоотлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, баъзилари эса умуман бўш тургани кузатилмоқда. Бу ҳолат нафақат давлат мулкидан самарасиз фойдаланишга, балки мавжуд инфратузилманинг таназзулига ҳам олиб келади. Шу боисдан бўш турган биноларни ижарага бериш орқали улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу биноларнинг аксарияти таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа ижтимоий соҳаларга тегишли бўлиб, уларнинг вақтинча ёки умуман фойдаланилмаслиги давлат молияси ва жамият учун турли йўқотишларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, харажатлар (енгил таъмир, қўриқлаш, электр ва ҳоказо) амалда сақланиб қолади, бироқ бундай бинолар иқтисодий фойда келтирмайди. Вақтинча бўш турган биноларни ижарага бериш ёки давлат-хусусий шериклик асосида жонлантириш эса икки томонлама манфаатли ечим бўлиши мумкин. Бироқ амалиётда бундай биноларни ижарага бериш жараёнлари ҳам осон кечмаяпти. Қонунчиликда белгиланган тартиблар бор бўлса-да, улар амалиётда турли бюрократик тўсиқлар, маълумотларнинг ёпиқлиги ва нархлашдаги ноаниқликлар билан тўсиққа учрамоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 мартда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-821-сон Қонуни қабул қилиниб, Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Табиий ресурслар (ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, фойдали қазилмалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар), моддий маданий мерос объектлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, олтин захираси, валюта фонди, уй-жой фондини ва бошқа давлат фондларини бошқариш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг алоҳида қонунлари билан тартибга солинади ва уларни ижарага беришга йўқ қўйилмайди. Бюджет ташкилотларида вақтинча бўш турган биноларни ижарага бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 660-сон қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида Низомга мувофиқ тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази томонидан давлат мулкини савдо платформасида ижарага бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июндаги 454-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ташкил этилади. INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 326 Давлат мулки объектлари ижарага бериш учун аукционга чиқарилганда, ижарага бериш муддати уч йил этиб белгиланади. Бунда балансда сақловчи томонидан давлат мулки объектидан келгусида ўз эҳтиёжи учун фойдаланиш зарурати мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, объектдан самарали фойдаланиш бўйича тармоқ жадвали) тақдим этилган тақдирда, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида ижарага берувчи ижарага бериш муддатини уч йилдан кам этиб белгилаши мумкин. Мисол тариқасида 2025 йил 1 январга қадар касбий таълим муассасаларида (коллеж, техникум) қабул жараёнлари умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчиларини қабул қилиш тартиби белгиланганлиги, касбий таълим муассасаларига қабул квоталарининг тўлиқ қамраб олинмаслиги сабабли, коллеж-техникумларда вақтинча бўш турган бинолар мавжуд эди. Муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 16 октябрдаги ПФ-158-сон Фармонларига мувофиқ 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб барча касб-ҳунар мактаблари ва коллежлар техникумларга айлантирилиб, мазкур техникумларга қабул умумтаълим мактабларини 9-синф битирувчиларини қамраб олиши белгиланди. Ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, техникумларда 9-синф битирувчилар учун қабул квоталари тасдиқланди ва таълим олувчилар контенгенти сезиларли даражада кўпайди. Шундай ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ижара шартномасини муддатини уч йилдан кам этиб белгилаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Чунки, балансда сақловчи (касбий таълим муассасаси)нинг ижарага берилган майдонга ўқув аудиториялари сифатида фойдаланиш эҳтиёжи мавжуд. Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида Тошкент шаҳридаги 24 та касбий таълим муассасаларининг вақтинча бўш турган бино ва иншоотларининг 23800 кв.метр майдони ижарага берилган бўлиб, уч томонлама ижара шартномасининг умумий суммаси 4519,0 млн.сўмни ташкил этади ҳамда ушбу маблағлардан 40 фоизи яъни 1807,0 млн.сўм балансда сақловчи (касбий таъим муассасалари) ҳисоб рақамига келиб тушади. 2026-йил ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши қайд этилди. Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинмоқда. Ушбу агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади. “Янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, барча оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради” 2 Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларини нега келтиряпман, чунки касбий таълим муассасаларига эътибор алоҳида бўлмоқда. Шундай экан, таклиф сифатида 5 йил муддатда ижара тўловлари тушумининг истисно тариқасида 75 фоизини касбий таълим муасссаларига, қолган 25 фоизи Республика давлат бюджетига ўтказилса, касбий таълим муассасаларини моддий-техник базасини ривожлантириш, касбий таълим муассасаларида фаолият кўрсатиб келаётган педагог-ходимларни моддий қўллаб қувватлашга сарфланса айни муддао бўларди. 2 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 15 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот мажлисидаги маърузасидан. INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 327 Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара тўловлари тушумининг 40 фоизи маҳаллий бюджетга, 40 фоизи балансда сақловчига, 20 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармасига ҳамда 15 фоизи ПФ-15-давлат бюджетига ўтказиб келинмоқда. Амалда кўпгина ташкилотлар ўзларига бириктирилган биноларнинг маълум қисмидан фойдаланишмайди. Бу биноларнинг бўш туриши нафақат иқтисодий, балки ташкилий ва ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Бир томондан, давлат бюджети маблағлари билан сақланаётган мулк ишлатилмаётгани учун фойда келтирмайди, иккинчи томондан эса, уларни сақлаш ва таъмирлаш учун барибир маблағ сарфланаверади. Шу боис, бу биноларни хусусий тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш амалиётини кенгайтириш талаб этилади. Аммо бу борада амалий тўсиқлар ва норматив-ҳуқуқий муаммолар мавжуд. Аввало, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат мулки бўлган биноларни ижарага бериш махсус тартиб асосида амалга оширилади. Бу тартиб, кўп ҳолларда, ортиқча бюрократик тўсиқларга тўла бўлиб, ташкилот раҳбарлари томонидан ташаббус кўрсатилишини чеклайди. Шунингдек, баъзи ҳолларда ижарага берилаётган мулкнинг бозор қийматини аниқлашда аниқ мезонлар йўқлиги сабабли ижара нархлари реал иқтисодий шароитга мос келмайди. Натижада бюджет ташкилоти ҳам етарли даражада даромад олмайди, тадбиркор ҳам манфаатдор бўлмайди. Иккинчидан, ижарадан тушган даромаднинг тақсимланиши ҳам ҳал қилувчи омиллардан биридир. Кўп ҳолларда бу даромад тўлиқ давлат бюджетига ўтказилади ва ижара берган ташкилот унинг ҳисобидан ўз эҳтиёжларини қондириш имконига эга бўлмайди. Натижада ташкилот раҳбарлари бундай фаолиятга нисбатан бефарқ бўлиб қолишади. Агар ушбу даромаднинг муайян қисми ташкилотда қолдирилса ва унинг таъмир, жиҳозлаш ёки моддий рағбатлантириш харажатларига йўналтирилиши таъминланса, бу раҳбарларни ижара масаласига жиддий ёндашишга ундатган бўлар эди. Шунингдек, амалиётда ижарага бериш жараёнида очиқлик ва шаффофлик етишмаётгани ҳам кузатилади. Айрим ҳолларда танловлар ёпиқ ўтказилиши, аниқ ва очиқ маълумотлар эълон қилинмаслиги коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса давлат мулкининг самарали бошқарилишига салбий таъсир кўрсатади. Шу боисдан, бино ва иншоотларни ижарага бериш жараёнини электрон аукционлар, давлат харидлари порталлари ёки махсус онлайн платформалар орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Бу нафақат шаффофликни таъминлайди, балки рақобат муҳитини кучайтиради ва ижара баҳоларининг бозор талабларига мослашувини ҳам таъминлайди. Муаммоларни ҳал этишнинг яна бир муҳим йўли — бу бўш турган бино ва иншоотлар бўйича тўлиқ реестрни шакллантириш ва уни жамоатчиликка очиқ қилишдир. Ҳар бир бюджет ташкилоти ўз балансидаги фойдаланилмаётган биноларни аниқлаб, улар бўйича маълумотларни махсус ахборот тизимига киритиши лозим. Бу тизим орқали тадбиркорлар, жисмоний ва юридик шахслар эркин танлов асосида ижарага олиш таклифлари билан чиқишлари мумкин бўлади. Шунингдек, давлат молияси ва назорат органлари бу масалада фаол иштирок этиши, ижара жараёнлари устидан самарали мониторинг ва аудит ишларини олиб бориши зарур. Бу орқали нафақат давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади, балки бюджет маблағларининг оқилона сарфланиши ҳам таъминланади. INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 328 Хулоса қилиб айтганда, бюджет ташкилотларида бўш турган бино ва иншоотларни ижарага бериш амалиётини такомиллаштириш орқали қўшимча даромад манбаи яратилиши, давлат мулкидан самарали фойдаланиш таъминланиши, шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига қулай инфратузилмавий шароит яратилиши мумкин. Бунинг учун, аввало, ҳуқуқий базани соддалаштириш, молиявий рағбатлантириш механизмларини жорий этиш, ижара жараёнларини рақобатли ва шаффоф тарзда ташкил этиш ҳамда тўлиқ мониторинг тизимини йўлга қўйиш зарур. Фойдаланилган адабиётлар 1. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида” ЎРҚ-821-сон Қонуни, 2023 йил. 2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ5630-сон Фармони. 3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6096-сон Фармони. 4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-158-сон Фармони. 5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 660-сон қарори. 6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 апрелдаги “Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 247-сон қарори.