scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИГА ЭРИШИШДА ҲУДУДИЙ МОНИТОРИНГНИНГ АҲАМИЯТИ

Ахмедов Турсун Мухитович, Аюбов Раҳматулло Равшанбек ўғли

Abstract

Мазкур тадқиқотда барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда ҳудудий даражада мониторинг олиб боришнинг аҳамияти таҳлил қилинган. 2030 йилгача бўлган глобал БР ижроси нафақат миллий, балки маҳаллий даражада ҳам изчил кузатиб борилиши лозим. Тадқиқотда халқаро тажрибалар асосида ҳудудий индикаторлар орқали ҳудудлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш, ресурсларни мақсадли тақсимлаш ва сиёсий қарорларни оқилона қабул қилиш имкониятлари таҳлил қилинган. Ўзбекистон учун ҳудудий индикаторлар тизимини шакллантириш ва ихтиёрий маҳаллий шарҳларни (ИМШ) амалиётга жорий этиш долзарб вазифа сифатида кўрсатилган.

Full text

INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 490 БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИГА ЭРИШИШДА ҲУДУДИЙ МОНИТОРИНГНИНГ АҲАМИЯТИ Ахмедов Турсун Мухитович1, Аюбов Раҳматулло Равшанбек ўғли2 1Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари профессор, иқтисод фанлари доктори, 2Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи мутахассиси https://doi.org/10.5281/zenodo.17267110 Аннотация. Мазкур тадқиқотда барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда ҳудудий даражада мониторинг олиб боришнинг аҳамияти таҳлил қилинган. 2030 йилгача бўлган глобал БР ижроси нафақат миллий, балки маҳаллий даражада ҳам изчил кузатиб борилиши лозим. Тадқиқотда халқаро тажрибалар асосида ҳудудий индикаторлар орқали ҳудудлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш, ресурсларни мақсадли тақсимлаш ва сиёсий қарорларни оқилона қабул қилиш имкониятлари таҳлил қилинган. Ўзбекистон учун ҳудудий индикаторлар тизимини шакллантириш ва ихтиёрий маҳаллий шарҳларни (ИМШ) амалиётга жорий этиш долзарб вазифа сифатида кўрсатилган. Калит сўзлар. Барқарор ривожланиш мақсадлари, ҳудудий мониторинг, индикаторлар, маҳаллий бошқарув, ихтиёрий маҳаллий шарҳлар. 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 17 та барқарор ривожланиш мақсадлари ва 169 вазифа тасдиқланган бўлиб, 2030 йилгача уларга эришиш дунё ҳамжамияти олдидаги муҳим вазифага айланди. БРМ глобал кўламда қабул қилинган бўлса-да, уларни амалга оширишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари ва муаммоларини инобатга олиш зарур. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ҳудудий мониторинг нафақат статистик маълумот йиғиш, балки қарор қабул қилишда ҳам асос бўлувчи муҳим восита саналади. Ўзбекистонда ҳам БРМ бўйича миллий мониторинг тизими шаклланган, бироқ ҳудудий даражадаги аниқ ва тизимли мониторинг механизми ҳали тўлиқ амалга оширилмаган. Мазкур мақола айнан шундай ҳудудий мониторингнинг аҳамияти ва жорий этиш заруратини асослашга қаратилган. Жаҳон амалиётида ҳудудий мониторинг масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Европа Иттифоқининг Евростат платформаси орқали ҳудудий индикаторлар йиғилмоқда ва таҳлил қилинмоқда [1]. Германияда эса муниципалитетлар даражасида 118 индикаторни ўз ичига олган ҳудудий БРМ тизими жорий этилган [2]. Финляндия, Дания, Норвегия сингари мамлакатларда аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ мослаштирилган индикаторлар орқали ҳудудий сиёсат юритилмоқда [3]. Марказий Осиё минтақасида Қозоғистон 2023 йилда Олмаота шаҳри учун ИМШ тайёрлаб, бу борада илк қадамни ташлади. ИМШлар ҳудудлар даражасида БРМ ижросини холис ва очиқ тарзда баҳолаш имконини беради. Ушбу тажрибалар Ўзбекистон учун ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиб, ҳудудий сиёсатни самарали йўлга қўйиш имкониятларини яратади. Мазкур тадқиқотда БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ), Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (BРЕТ), Бертелсман фонди каби халқаро INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 491 ташкилотлар томонидан тайёрланган расмий ҳисоботлар, стратегик ҳужжатлар ва илмий нашрлар ўрганилди. Ушбу материаллар орқали жаҳонда ҳудудий даражада барқарор ривожланиш мақсадларини мониторинг қилиш тажрибаси таҳлил қилинди. Шунингдек, қиёсий таҳлил усули орқали Ўзбекистонда мавжуд БРМ мониторинг тизими халқаро тажрибалар билан таққосланди. Бу орқали миллий механизмларнинг афзал ва мукаммаллаштирилиши лозим бўлган жиҳатлари аниқланди. Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, жаҳон миқёсида ҳудудий даражада Барқарор ривожланиш мақсадларини мониторинг қилишга қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, 250 дан ортиқ шаҳар ва ҳудудлар Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ихтиёрий маҳаллий шарҳлар тайёрлаган (1-расм). Бу тажриба орқали ҳудудий даражадаги ривожланиш ҳолати тўғрисида аниқ ва мукаммал маълумотлар олиниб, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнини маълумотларга асослаш имконияти яратилмоқда. Шу билан бирга, ресурсларни самарали тақсимлаш, устувор йўналишларни белгилаш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни таъминлашда ҳам ИМШ муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. 1-расм. Ҳудудлар кесимида тайёрланган ихтиёрий маҳаллий шарҳлар (сонда) Манба: БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўлими маълумотлари асосида муаллифларнинг ҳисоб-китоблари Ушбу халқаро тажриба шундан далолат берадики, ҳудудий мониторинг тизимини шакллантириш БРМнинг фақат миллий эмас, балки маҳаллий даражада ҳам ижросини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Афсуски, Ўзбекистонда ҳозирча БРМнинг индикаторлари асосида ҳудудий даражада тўлиқ мониторинг олиб борилмаяпти. Яъни, маълумотлар умуммиллий кесимда йиғилмоқда, бироқ вилоятлар, туманлар ёки шаҳарлар даражасида ушбу мақсадларнинг ижроси қандай кечаётгани тўғрисида тизимли таҳлил мавжуд эмас. Шу билан бирга, мавжуд миллий статистик маълумотлар базаси ва ҳудудий ташкилотларнинг салоҳияти мазкур йўналишда самарали иш олиб бориш учун зарур замин яратади. Агар ҳудудий индикаторлар тизими жорий этилса, ҳар бир ҳудудда мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш имкони пайдо бўлади. INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 492 Масалан, айни пайтда расмий камбағаллик чегарасидан пастда яшовчи аҳоли улуши энг юқори бўлган ҳудудлар Жиззах ва Хоразм вилоятларидир. Шунингдек, 100 000 тирик туғилган болага нисбатан оналар ўлими коэффициенти энг юқори кўрсаткичга эга бўлган вилоятлар Сирдарё ва Навоий вилоятларидир. Беш ёшгача бўлган болалар ўлими коэффициенти бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида кузатилмоқда. Шу билан бирга, неонатал ўлим яъни, туғилгандан сўнг дастлабки 1 ой мобайнида содир бўладиган ўлимлар кўрсаткичи Андижон ва Сирдарё вилоятларида энг юқори даражада қайд этилган. Расмий статистикада Ўзбекистонда мавжуд Миллий Барқарор ривожланиш мақсадларининг 143 та индикаторидан фақатгина 9 таси бўйича ҳудудий маълумотлар бор, 134 та индикатор бўйича эса маълумотлар шакллантирилмаган. 9 та индикатор 1, 3, 7 ва 11-мақсадларни қамраб олади, лекин улар ҳам тўлиқ эмас. Қолган 2, 4, 5, 6, 8, 9, 10, 12, 13, 15, 16, 17 мақсадларда индикаторлар ҳудудий кесимда тақдим [4]. Шу тариқа, ҳудудий даражада БРМ индикаторлари асосида мониторинг олиб бориш нафақат ривожланиш жараёнининг реал ҳолатини аниқлаш, балки давлат ва жамоат институтлари фаолиятини самарали ташкил этиш, ресурсларни мақсадли йўналтириш ва қарор қабул қилиш жараёнини маълумотлар асосида таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва уларни камайтириш бўйича манзилли сиёсатлар ишлаб чиқиш имкониятини яратади. Хулоса қилиб айтганда, Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишда ҳудудий мониторинг алоҳида аҳамиятга эга. У фақатгина статистик маълумотлар манбаи бўлиб қолмасдан, балки давлат бошқаруви ва сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида далилларга асосланган ёндашувни таъминлайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари юзасидан ахборотлар жамланган платформада ҳудудлар кесимидаги индикаторлар бўйича маълумотлар базасини кенгайтириш ва уларни ўз вақтида янгилаб эълон қилиш тизимини такомиллаштириш зарур. Бундай тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳудудлар даражасида барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштириб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 1. Европа Иттифоқида БРМ бўйича ҳудудий индикаторларини мониторинг қилиш учун тақдим этилган қўлланма - https://publications.jrc.ec.europa.eu/repository/handle/JRC129381 2. Германиянинг БРМ бўйича портали - https://www.sdg-portal.de 3. Финландиянинг Статистика портали - https://pxdata.stat.fi/PXWeb/pxweb/en/SDG/ 4. Ўзбекистон Миллий Статистика қўмитасининг Миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини юритувчи сайти - https://nsdg.stat.uz/