scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ШУҲРАТ ТЎРТЛИКЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Алдашева Ширин Жалгасовна

Full text

276 ШУҲРАТ ТЎРТЛИКЛАРИ ТАҲЛИЛИ Алдашева Ширин Жалгасовна Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) E-mail: [email protected] DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17272052 Аннотация: Мақолада тўртлик поэтик шакли ўзбек ва жаҳон адабиётидаги олимларнинг илмий-назарий қарашлари асосида рубоий жанри билан қиёсланади ҳамда Шуҳрат тўртликлари таҳлил килинади. Калит сўзлар: поэтик шакл, тўртлик, шеърият, қофия, вазн, ҳижо, мисра, мустақил шеър, мисра, адабиётшунос, фольклор, жанр, мумтоз шеърият, концепция, шоир ва бошқалар. Аннотация: В статье на основе научно-теоретических взглядов ученых узбекской и мировой литературы сравнивается поэтическая форма четверостишия с жанром рубаи, анализируются четверостишия Шухрата. Ключевые слова: поэтическая форма, четверостишие, поэзия, рифма, вес, хидзё, стих, самостоятельное стихотворение, стих, литературный критик, фольклор, жанр, классическая поэзия, концепция, поэт и т. д. Abstract: In the article, based on the scientific and theoretical views of scholars of Uzbek and world literature, the poetic form of the quatrain is compared with the genre of rubai, and the quatrains of Shukhrat are analyzed. Keywords: poetic form, quatrain, poetry, rhyme, weight, hijo, verse, independent poem, verse, literary critic, folklore, genre, classical poetry, concept, poet, etc. Тўртлик ўзбек шеъриятининг тараққиёти тарихида етакчи мавқега эга бўлган поэтик шакллардан бири бўлиб келмоқда. Тўртликнинг ўзи нима? Қандай хусусиятлар тўртлик табиатини белгилаб беради? “Тўртлик – жаҳон халқлари шеъриятидаги энг машҳур, кўп қўлланиладиган шеърий шакл ҳисобланади. Аксарият, аавв, авав, авва ва Шарқ шеъриятида эса, аава тарзидаги қофияланиш тартибига эга. Ҳижолари, вазни турлича; кўпинча тўққиз, ўн бир бўғинли бўлади” [4: 338]. Атоқли адабиётшунос Л.И.Тимофеев билан С.В.Тураев томонидан тузилган ва нашрга тайёрланган “Адабиётшунослик терминлари луғати”да эса ушбу таъриф-тушунчага анча кенг ва чуқур изоҳ берилган: “Катрен (французча quatrain) – тўртлик. “Катрен” атамаси фақат тугалланган фикрни ифодаловчи тўртликка нисбатан қўлланган...” [3: 123]. Ўзбек тилидаги илмий манбаларда эса ушбу таърифлар Шарқ шеъриятининг бадиий-эстетик тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда янада 277 тўлдирилган. Хусусан, Н.Ҳотамов ва Б.Саримсоқовларнинг фикрича, “Тўртлик – тўрт мисрадан иборат мустақил шеърий асар. Тўртликнинг тарихи жуда қадимий бўлиб, у дастлаб фольклорда пайдо бўлган. Ўзбек халқ қўшиқларининг мустақил тўртликлар сифатида яратилиши бунга яққол мисол бўла олади. Тўртликлар рубоийдан ўзининг шаклий ҳамда мазмуний жиҳатлари билан фарқланади. Тўртликнинг мавзу доираси кенг бўлиб, уларда турли ҳаётий воқеалар акс эттирилиши мумкин... Тўртликда ижодкорнинг бирор ҳаётий воқелик ҳақидаги таассурот ва хулосалари лўнда, поэтик ифодаланади” [2: 356]. “Тўртлик – шеърнинг кенг тарқалган банд тузилишидан бири бўлиб, унда биринчи мисра билан учинчи, иккинчи мисра билан тўртинчи мисралар қофияланади. Шарқ поэзиясида тўртликнинг ўзига хос тури рубоийдир. Рубоий форс-тожик поэзиясида дубайт (икки байт) деб ҳам юритилади” [1: 231]. Илмий-назарий манбаларда кўрсатилганидек, рубоий жанри мумтоз шеъриятда кенг тарқалган бўлиб, унинг юксак намуналарини Умар Хайём, Бобо Тоҳир Урёний, Абдулмажид Саноий, Жалолиддин Румий, Саъдий, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Бобур ва Бедиллар яратган ва оламшумул шуҳрат қозонган. Рубоийнинг шаклан ихчам ва таъсирчан шеърий жанр эканлиги унда фалсафий, ахлоқий-таълимий, панд-насиҳатомуз ва сўфиёна фикр ва туйғуларни ифодалаш имконини берган. Ана шундай хусусиятларга эга бўлган рубоий инсон қалби ва онгида кечган ғоят мураккаб ва хилма-хил фикртуйғуларни чуқур акс эттира оладиган ўзига хос бир кўзгудир. Рубоийнинг келиб чиқишига халқ шеъриятидаги тўртликлар муҳим асос бўлиб хизмат қилганлиги манбаларда тўғри таъкидланган [1: 226]. Рубоий шакл жиҳатидан ихчам, кичик лирик жанр бўлса ҳам, аммо унда чуқур поэтик фикр, катта фалсафий умумлашмалар ифодаланиши мумкинлиги унинг мустақил жанр сифатида кенг ёйилиши ва тараққий топишига сабаб бўлади. Рубоий жанрининг ўзига хос (специфик) бир хусусияти ва талаби ҳам шуки, унда чуқур фалсафий-дидактик, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ёки ишқий-руҳоний ғоя ва мазмун ўзининг яхлит, поэтик мукаммал ифодасини топиши лозим.. Англашиляптики, тўртлик поэтик шакли билан рубоий жанри муайян даражада ўхшашлика эга бўлса-да, улар шаклий ҳамда мазмуний хусусиятларига кўра ўзаро фарқланади. Биринчидан, шаклий – қофияланиш тартибига кўра аксарият тўртликлар одатда аавв, авав, авва тарзида тугаллик касб этса, рубоийлар аава, аааа шаклида қофияланиб, мухтасар мукаммалликка 278 эга бўлади. аааа шаклида қофияланган рубоийлар “таронаи рубоий” деб аталади. Иккинчидан, рубоийлар ўзининг поэтик матнида ифодаланган ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, фалсафий-дидактик мазмуннинг кўламдорлиги ҳамда теранлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис, рубоий мавзу-муаммоларга ёндашиш ҳамда ёритишдаги ўзига хос поэтик контекстга эга бўлган мустақил лирика жанри ҳисобланади. Шунингдек, рубоий аруз вазнининг муайян баҳрида ёзилиши ҳам мумтоз шеъриятнинг муҳим бир қоидаси бўлган. Кўрамизки, ҳаёт материалини бадиий-эстетик жиҳатдан ёритиш ва умумлаштириш хусусиятларига кўра шаклий белгилари (аабб, авав, авва қофияланиш тартиби) ҳамда мазмундорлиги жиҳатидан тўртликлар ҳам алоҳида шеърий шакл сифатида ўзбек шеъриятининг тараққиёт тарихида мумтоз ўрин тутиб келади. Мазкур фикрлар мавжуд илмий-назарий адабиётларда ҳам турлича йўсинларда таъкидлаб келинади [7: 196-156-158]. Бинобарин, “Шарқ поэзиясида кенг тарқалган рубоий халқ шеъриятидаги тўртликлардан шаклий асос олган бўлиб, ўз темаси ва ғоясига, барқарор жанр хусусиятларига, кичик шеърий шаклга эга бўлган мустақил ва мукаммал асардир” [5: 52-56]. Демак, туркий шеъриятнинг етакчи поэтик шаклларидан бири бўлган тўртликларда қалб сабоқлари, фикр-мушоҳадалар кенглиги, туйғулар моҳияти ва руҳий кечинмалар ҳикмати етакчилик қилади. Бу борада шоирнинг бадиий тафаккур тарзи муҳим бўлиб, у бадиий матн моҳиятини ойдинлаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шуҳратнинг қуйидаги тўртлиги бу жиҳатдан характерлидир: Ҳаётнинг ҳайратли бир ишига боқ: Сигиру илонга макон бир ўтлоқ. Бир ўтдан шум илон ясайди заҳар, Шу ўтдан сигир-чи, оппоқ сут-қаймоқ [6: 179]. Тоғда сув ҳамиша тиниқ ва тоза, Мен лойқа кўраман уни қуйида. Дўстларим, қарангиз, қайси бемаза Нималар қиляпти ариқ бўйида [6: 223]. Шуҳратнинг бундай таъсирчан тўртликларида шоирнинг поэтик индивидуаллигини кўрсатувчи бадиий усуллардан бири – бу аввало ҳаёт хоссаларининг характерли жиҳатларини очиб берувчи манзара яратиш приёмидир. Хулосалар: 279 1. Ўзбек шеъриятида муҳим ўрин тутган тўртлик поэтик шакли ўзига хос маъно йўналиши, услубий ифодаси ва поэтик образларнинг талқинига кўра алоҳида ажралиб туради. 2. Шоир Шуҳрат тўртликларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, бу асарларда дидактик йўналиш кучли бўлиб, ҳаёт – биз учун устоз, табиат – мураббий, деган етакчи бадиий пафос яққол кўзга ташланади. 3. Шуҳрат тўртликларида қўлланилган майса, дарахт, шамол, қушча, сут, илон каби поэтик образлар ибратли маъно ифодалашига кўра тимсолий мазмун ташувчи ёрқин бадиий деталь сифатида гавдаланади. 4. Шуҳрат тўртликлари халқона ҳикматга йўғрилган инсонпарварлик ва фалсафий мазмун йўналиши билан ҳам ўзига хос. Шоир шеърларида чуқур акс эттирилган табиат ранглари ва хоссалари ўз моҳиятига кўра сабоқ ва ибрат тариқасидаги ҳаётий мазмун касб этиши билан характерланади ва уларнинг бадиий-эстетик аҳамиятини кучайтиради. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Адабиётшуносликка кириш. – Тошкент: Ўқитувчи, 1984. – Б. 226. 2. Ҳотамов Н., Саримсоқов Б. Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати. – Тошкент: Ўқитувчи, 1983. 3. Словарь литературоведческих терминов. – М.: Просвещение, 1974. – С. 123. 4. Квятковский А. Поэтический словарь. – М.: Советская энциклопедия, 1966. – С. 338. 5. Зуннунов А., Ҳотамов Н. Адабиёт назариясидан қўлланма. – Тошкент: Ўқитувчи, 1978. – Б. 136; Орзибеков Р. Лирикада кичик жанрлар. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1976. – Б. 52-56. 6. Шуҳрат. Лирика. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1973. – Б. 223. 7. Шукуров Н., Ҳотамов Н., Холматов Ш., Маҳмудов М. Адабиётшуносликка кириш. – Тошкент: Ўқитувчи, 1979. – Б. 196.