Full text
146 “ДЕВОНУ ЛУҒАТИ-Т-ТУРК”ДАГИ АЙРИМ УНДОВЛАР ВА УЛАРНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ САҚЛАНИШ ҲОЛАТИ Дустмуродов Маъруфжон, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Аннотация “Кишиларнинг ҳис-туйғусини, эмоция ва руҳий ҳолатини билдирувчи ундовлар бўлиб, энг катта группани ташкил қилади. Бу группага кирган ундовлар маъно жиҳатдан жуда ранг-барангдир” [1, б. 53]. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” – “Турк сўзлари девони” асарида ҳам туркий тилдаги ҳис-ҳаяжон билан боғлиқ сўзлар – ундовлар, тақлид сўзлар кўплаб учрайди. Уларнинг айримлари шаклий жиҳатдан турли даражада ўзгаришга учраган, айримлари эса XI асрдаги лексик кўринишини йўқотмаган ҳолда бир қатор туркий тилларда сақланиб қолган. Шу жумладан, “Девон”да учрайдиган кўплаб ундов сўзларнинг ўзбек тилида анча кўп сақланиб қолганлиги кўзга ташланади. Биз ушбу мақолада ўзбек тилидаги ундов сўзларнинг XI аср кўриниши, ҳозир ҳолати ѐки ўша давр сўзларига маъновий жиҳатдан яқинлигини ѐритишга ҳаракат қилдик. Калит сўзлар. “Девону луғати-т-турк”, эски туркий тил, ўзбек тили, ундовлар. “Девон”да шу тариқа маълумот учрайди: “قیرسا – ïsrïq (исриқ). болаларнинг бошига тошадиган яраларни ѐки кўз тегишидан даволаганда айтиладиган исириқ сўзи диққатга моликдир (исириқни) тутатилганда унинг тутуни боланинг юзига тутини “ïsrïq-ïsrïq (“эй жин, эс-ҳушингни йўқот”)” деб тутилади [1, б. 53]. Бу жараѐн асосан ўзбек тилида ва қисман бошқа баъзи туркий халқларда ҳам мавжуд. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (ЎТИЛ)да исириққа қуйидагича таъриф берилган: “исириқ – исириқдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ѐввойи ўт ўсимлик [Таркибида алкалоидлар бўлиб, халқ табобатида шифобахш восита сифатида турли йўллар билан (жумладан, тутатиб) фойдаланиб келинади]”. .. Исириқни минг дардга даво, деб бекорга айтишмайди (Газетадан). исириқ солмоқ (ѐки тутатмоқ) 1) турли микроб (касалик)ларга қарши, дезинфекция мақсадида исириқнинг қуруғини тутатмоқ. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш, кунига икки марта исириқ тутатиш ҳам мақсадга мувофиқдир. (Газетадан); 2) этн. инс-жинсни қочириш, “ѐмон кўздан сақлаш” ва ш. к. мақсадда исириқ тутатиб, киши боши (атрофи)дан, хона ичида айлантирмоқ. Кампир, меҳмонлар чиқиб кетиши билан, суюкли куѐвига исириқ солди (С. Зуннунова, Гўдак ҳиди). Шунингдек ЎТИЛда исириқ билан боғлиқ исириқдон, исириқчи кабиларга изоҳ берилган. Юқоридаги ЎТИЛда келтирилган таърифлардан исириқ солмоқ иборасига берилган иккинчи таъриф айнан “Девон”даги исириқ билан деярли бир хил. Шунингдек, исириқнинг адросмон деган номи ҳам борки, лекин юқоридаги жараѐнда бу сўз ишлатилмайди.
147 “Девон”да моллар бошини бермай ҳаракатланганда тинчитиш учун айтилувчи “ҳўш-ҳўш” маъносидаги hač-hač (ҳач-ҳач) сўзи келтирилган. Бу арабчага ўхшайди, чунки бў сўзда туркийчада бўлмаган ha ҳарфи учрайди. Туркийда эса бу товуш йўқдир [1, б. 133]. ЎТИЛда ушбу сўзга вазифа жиҳатидан яқин бўлган сўз сифатида хўш ни келтириш мумкин ва унга манбада қуйидагича изоҳ берилади: хўш унд с. – молни ҳайдаш ѐки қайтариш учун айтилади. [Болалар] Хўш, хўш, жонивор, деб унинг [буқачанинг] орқасини силаб қўйишади (Э. Раимов, Ажаб қишлоқ) [IV, б. 438]. Ўзбек тилининг баъзи диалектларида ЎТИЛда келтирилган ҳўш, ош, бош шакллари мавжуд. Бунда hač-hač (ҳач-ҳач)даги тил олди сирғалувчи ч ундоши тасниф жиҳатдан худди шу ўринда жойлашадиган қаттиқ ш ундошига, сўз бошидаги бўғиз товуши ҳ чуқур тил орқа х га ўзгарган бўлиши мумкин. Манбаларда ҳам шундай ҳолатни кўриш мумкинки, баъзи номлар истемолда ҳам ч ва ш ҳарфлари алмашиниб қўлланаган. Масалан, Чоч-Шош каби. Чунки hač-hač (ҳач-ҳач) ва хўш сўзлари ифодалаган маъно деяли бир хилдир. Сўз бошидаги х ва ҳ ҳарфларига тўхталсак, бугунги ўзбек тилида ҳам х (хўш) ҳарфи ҳ га яқин юмшоқ талаффуз қилинади, баъзан туширилади. Шунингдек, “Девон”да вужуд оғирлигини ифода этадиган čer (чер) тақлидий сўзи изоҳланади; er čerländi – кишининг танаси оғирлашди (ҳоқония тилида) [1, б. 133]. Ушбу сўз бугунги даврга фолкьлор атамаси бўлиб ўтган. ЎТИЛда ушбу сўзга изоҳ қуйидагича: чер фольк. – алам, қайғу; доғ (Кўп чопилса, отингиздан тер келар, Ёмон гапга юраклардан чер келар “Ойсулув”) [4, б. 475]. чер сўзи на ҳозирги жонли сўзлашув тилида на адабий тилда ишлатилмайди, фақатгина адабий термин сифатида қўлланади. Бу ҳолатни шундай изоҳлаш мумкинки, ўзбек халқининг қадимги даврларида дунѐга келган халқ достонларида тилга олинган бундай сўзлар шу достонлар таркибида етиб келгандир. aŋ (анг) – “йўқ” ѐки “эмас” маъносида (ўғузча). Бирон юмушга буюрилганда, буюрилган киши aŋ-aŋ дейди. Бу “йўқ”-йўқ” демакдир [1, б. 31]. Биз ушбу сўзга ўхшаш шаклни ЎТИЛдан топмадик. Лекин ўзбек тилининг ўғуз лаҳжасида ушбу сўз билан шаклий томондан тенг, вазифа жиҳатдан бироз фарқли шакл мавжуд. Хоразм шевасида бирон юмушга буюрилганда, нимадир сўралганда буюрилган кишининг aŋ (анг) дейиши буйруқни ѐки саволни англамаганини билдиради. Шунингдек, Ўзбекистоннинг жанубий туманларида “анқов” маъносида aŋ (анг) сўзи ишлатилади. Бизнингча ЎТИЛда қайд этилмаган, аммо ўғуз лаҳжасининг Хоразм шевасида сақланган aŋ (анг) сўзи айнан адиб қайд этган aŋ (анг)дир. Чунки бугунги aŋ (анг) сўзиниг асосида инкор семаси мавжуддир. Жумладан, “Алпомиш” достонида aŋ (анг) сўзи қуйидагича истифода этилган: Шунингдек, тилимиздаги ангда қолди, ангда қилди бирикмалари ҳам бирор жараѐнни тўла идрок қилолмаслик, кутилмаганда содир бўлиши сабабли юзага келадиган ҳолатни ифода этади. Адиб ѐш болалар ва чақалоқларни тўсишда хотинлар томонидан ишлатиладиган “чуш-чуш” маъносидаги čiš-čiš (чиш-чиш) сўзини қайд этади. От минган киши ҳам отни миниб келгандан сўнг, уни сийдириш учун шу сўзни қўллайди [1, б. 136]. Ушбу сўзга aŋ (анг) каби ЎТИЛда изоҳ луғатида таъриф
148 берилмаган. Лекин бу сўз ҳам муомалада фаол. Ўзбек тилининг оғзаки сўзлашув нутқида ва айрим шеваларда тили эндигина чиқаѐтган ѐш болаларнинг ўзи ҳам ҳожат чиқиш эҳтиѐжи туғилганда “чиш-чиш” ѐки “чишша” сўзини ишлатади. Шунингдек, “Девон”да ушбу жараѐн билан боғлиқ қуйидаги ундовлар мавжуд: čürkü (чурку) – ѐш болалардан “Сийгинг қистаяптими?” деб сўралганда čürkü barmu? дейдилар [1, б. 171]. bütkü (бутку) – ахлат (болаларга хослаб қўлланади). Болаларга туш қиласанми?” деб сўралганда bütkü barmu? дейдилар [1, б. 171]. “Девон”га кўра туяни чўктиришда (ерга ѐтқизишда) čök-čök (чўк-чўк) сўзи қўлланган [1, б. 137]. Бу асосан туяга минишда қўлланилган. Асардаги ушбу сўз бугунги кунга ҳеч ўзгаришсиз етиб келган ва унга ЎТИЛда қуйидагича изоҳ берилган. Жумладан, 1. чўк: чўк тушмоқ – айн. чўк(ка) тушмоқ қ. чўк(ка). Қўққис бандидан узилган шохдек гурсиллаб, кигиз устида чўк тушди (Н. Қиличев, Чиғириқ) [4, б. 521]. 2. чўк(ка): чўк(ка) тушмоқ – айн. чўккаламоқ 1. Рустам бобо қиблага қараб чўкка тушди-да, пичирлаб, калима ўгира бошлади (X. Тўхтабоев, Йиллар ва йўллар) [4, б. 522]. 3. чўкирмоқ – 1. Тиз чўктирмоқ, чўккалатмоқ (асосан туя ҳақида). Туяни чўкириб минмоқ. 2. кўчма Ўкситмоқ, чўктирмоқ (Кўнглини чўкирма мендай бувишни.. “Интизор”) [4 б 521]. Шуни айтиш керакки, “Девон”даги ва ЎТИЛдаги сўзларнинг барчасининг асосида пасаймоқ, ерламоқ семаси мавжуд. “Девон”даги эчкиларни чақиришда қўлланадиган čik-čik (чик-чик) сўзи бугунги даврда фаолдир. ЎТИЛдаги жиги-жиги сўзи бу сўзнинг бироз шаклий ўзгаришга учраган айнан ўзидир. Унга қуйидагича изоҳ берилади: жиги-жиги – 1. с.т. Жикжик. 2. унд. с. Эчкиларни чақиришда қўлланади [V, б. 82]. Шунингдек, “Девон”да бу сўз суғоришда ҳам ишлатилиши айтилади [1, б. 137]. tärkän (таркан) – вилоятларда подшо бўлганларга ҳоқония тоифасидан айтиладиган хитоб. Хоқонлик ва подшолик тепасида бўлмаганларга бундай дейилмайди. Бу сўзнинг маъноси “эй тоат қилинувчи” демакдир [1, б. 176]. Ушбу сўз дастлаб ундов сўз сифатида қўлланилиб кейинги даврларда бироз ўзгаришга учраб, шоҳ хонадонига мансуб энг юқори мартабали хонимларга нисбатан ишлатилган. Масалан, Туркон хотун (Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси, қипчоқлардан). Шунингдек, “Девон”да аč (ач) (“ҳой, ҳей, ҳе” маъноларида қўлланадиган ундов сўз; аč berü kel – ҳой бери кел; ҳай тез кел [1, б. 28]); zaq-zaq (зақ-зақ) (қўчқорни сузиш учун қистаб айтиладиган сўз [1, б. 136]); saq-saq (сақ-сақ) (қўрғон, от ва бошқа нарсаларни ѐвдан сақлашда қўриқчи ва чегарачиларни огоҳ қилиш учун “ҳушѐр бўл” деган маънода қўлланадиган сўз; saq-saq – хушѐр бўл, демакдир; saq er – хушѐр киши [1 б 137]); ayïğ (айиғ) (“қандай яхши, қандай ѐмон” маъноларида қўлланувчи сўз. Бу сўз “ѐмон”, “яхши” сўзларини таъкидлаш учун қўлланади: ayïğ eδgü – қандай яхши; ayïğ yawuz näŋ – қандай ѐмон нарса [1 б 47]); ayluq-ayluq (айлуқ-айлуқ) (“шундай-шундай” демакдир (ўғузча) [1, б. 58]); epäki (эпаки) (бир нарсани кам кўрилганда айтиладиган сўз. “Кўрар кун бор экан-а” дейилгани сингари [1 б 68]); tap (тап) (“боп, етарли” маъносини берувчи юклама; масалан: bu aš meŋä tap – бу ош менга боп, етарли; tap boldï – мос бўлди, боп бўлди [1 б 132]) каби бир қанча ундовлар мавжуд.
149 Хулоса шундан иборатки, давр нуқтаи назаридан тилнинг луғат таркибида бир қанча ўзгаришлар бўлиши мумкин, бошқа тиллардан сўз ўзлаштириш ѐхуд муайян сўзлар истеъмолдан чиқиши каби. Лекин ўша тил тегишли бўлган халқнинг асрлар давомида шаклланган ҳис-туйғулари, ўзига хос характери, менталлиги, ташқи воқеликларга муносабабати акс этган ундовлар тил ривожида энг кам ўзгаришга учрайдиган лисоний бирликлардир. АДАБИЁТЛАР 1. Маҳмуд Kошғарий, Девону луғати-т-турк. Нашрга тайрловчи Қ.Содиқов.:Т-Ғ.Ғ., 2017. 2. Ўзбек тилининг изоҳли луғати.– Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. II. – 671 б. 3. Clauson G. An Etymological Dictionary of Pre-Thirteenth-Century Turkish. – Oxford, 1972. 4. Муҳиддинова Ҳ. Тақлидий сўзлар ва ундовдан ясалган феъллар / Ўзбек тили ва адабиѐти.-1978.-№3.-Б.52-54. 5. Нурмонов А., Шаҳобиддинова Ш., Искандарова Ш., Набиева Д. Ўзбек тилининг назарий грамматикаси. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2001. -164 б. 6. Солихўжаева С. Эмоционал гапларда ундовларнинг роли / Ўзбек тили ва адабиѐти.-1972.-№3.-59-61. 7. Мирзиѐев Ш.нинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим”да сўзлаган нутқи. 8. Бартольд В. В. Древнетюркские надписи и арабские источники // Сочинения, V. – М., 1968. – С. 284311; Новые исследования об орхонских надписях // Сочинения. – М., 1968. – Том V. – С. 312–328. 9. Гумилев Л. Н. Қадимги турклар. – Т., 2007. – 498 б. 10. Древнетюркский словарь. ‒ Л., 1969. ‒ С. 168–169. 11. Saffet Yilmaz. Eski Türk Runik Harfli Metinlerdeki Askerî ve Siyasî Terimler ile Unvan Niteleyicilerin Özbek Türkçesindeki İzleri. International Journal of Humanities and Education. 260-296, 271. 12. Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Т.: Ўқитувчи, 1982. – 166 б. 13. Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону-луғотит-турк) / Таржимон ва нашрга тайѐрловчи С. М. Муталлибов. 3 томлик. – Т.: Фан, 1960– 1963. I, 83-3; 79-19; 336-17; II , 32-23 14. Марков Г. Е. Кочевники Азии. – М.: Изд-во Московского университета, 1976. – С. 47–48.