scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ЎЗБЕКИСТОНДА ТИББИЁТ ТУРИЗМИ: РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАРИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Исмаилов Зоҳиджон Нурманович

Abstract

Мақолада Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари таҳлил қилинган бўлиб, унда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари, инфратузилма имкониятлари, табиий ресурслар ва халқаро ҳамкорлик масалалари ёритилган. Алоҳида эътибор анъанавий тиббиётни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, экологик ёндашувни жорий этиш ва маданий меросдан самарали фойдаланиш каби ўзига хос хусусиятларга қаратилган. Илмий адабиётлар таҳлили ҳамда эмпирик маълумотлар асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тиббиёт туризмини барқарор ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар таҳлил қилинган. Шу билан бирга, соҳани ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва етакчи давлатлар тажрибалари кўриб чиқилган. Мақолада глобал тенденциялар ва минтақавий хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, соҳани янада ривожлантириш бўйича илмий асосланган тавсиялар илгари сурилган.

Full text

INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 60 ЎЗБЕКИСТОНДА ТИББИЁТ ТУРИЗМИ: РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАРИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ Исмаилов Зоҳиджон Нурманович Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), DSc мустакил изланувчи. Academican of ESА. Согликни саклаш аълочиси. Республика болалар таянч-харакат тизими касалликлари реабилитация Маркази https://doi.org/10.5281/zenodo.17609811 Аннотация. Мақолада Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари таҳлил қилинган бўлиб, унда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари, инфратузилма имкониятлари, табиий ресурслар ва халқаро ҳамкорлик масалалари ёритилган. Алоҳида эътибор анъанавий тиббиётни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, экологик ёндашувни жорий этиш ва маданий меросдан самарали фойдаланиш каби ўзига хос хусусиятларга қаратилган. Илмий адабиётлар таҳлили ҳамда эмпирик маълумотлар асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тиббиёт туризмини барқарор ривожлантиришга қаратилган чоратадбирлар таҳлил қилинган. Шу билан бирга, соҳани ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва етакчи давлатлар тажрибалари кўриб чиқилган. Мақолада глобал тенденциялар ва минтақавий хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, соҳани янада ривожлантириш бўйича илмий асосланган тавсиялар илгари сурилган. Калит сўзлар: тиббиёт туризми, давлат қўллаб-қувватлови, инфратузилма, инновация, барқарорлик моделлари, кластер. Тиббиёт туризми ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида шаклланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилда тиббиёт туризми соҳаси 100 миллиард АҚШ долларидан ортиқ айланмани ташкил этган бўлиб, ҳар йили ўртача 15–20 фоизга ўсиб бормоқда (WHO, 2023. С. 4). Ўзбекистонда мазкур соҳа бой илмий ва маданий салоҳият, шунингдек, фаол давлат сиёсати туфайли алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ–335-сонли “Тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатни тиббиёт туризмининг минтақавий марказига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратди. Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 1,5 миллиард долларга етказиш белгиланганлиги соҳада жиддий ислоҳотларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатади. Ушбу мақоламизда илмий адабиётлар ва эмпирик маълумотлар таҳлили асосида тиббиёт туризмини ривожлантириш жараёнининг асосий жиҳатлари ҳамда ўзига хос хусусиятлари тизимли таҳлил қилинган. Шунингдек, соҳада мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ва хорижий тажриба кенг ёритилган. INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 61 Жаҳон миқёсида тиббиёт туризми борасида қатор илмий изланишлар олиб борилган бўлиб, бирмунча салмоқли илмий натижаларга эришилган. Айниқса таниқли олим Жозеф Вудманнинг соҳа ривожланишига қўшган илмий ҳиссаси жуда юқори. Унинг таърифига кўра, тиббиёт туризми - бу чет элда даволаниш мақсадида амалга ошириладиган саёҳат бўлиб, у кўпинча дам олиш ва маданий таассуротлар билан уйғунлашган ҳолда кечади (Woodman, 2015). Ўзбекистон ва Марказий Осиёда тиббиёт туризми бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар асосан барқарор ривожланиш омиллари, давлатнинг роли ҳамда анъанавий табобат усулларини интеграция қилиш масалаларига қаратилган. Жумладан, С. Ким ва ҳаммуаллифлар таъкидлаганидек, тиббиёт туризмининг барқарор моделлари беморларнинг сафар қилиш ниятига таъсир кўрсатувчи тиббий, туристик ва ахборот омилларини ўз ичига олади (Kim, 2021. 6915 p.). Ўзбекистон контекстида Д. Рахмонов Марказий Осиёда анъанавий тиббиётнинг, хусусан фитотерапия ва климатотерапия каби усулларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди (Раҳмонов, 2021. 10–25 б.). Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантириш шароитлари таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатда паст хизмат нархлари ва табиий ресурслар каби ўзига хос кучли жиҳатлар мавжуд, бироқ инфратузилмавий салоҳиятдаги муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда (Scientists.uz, 2024). Бошқа тадқиқотлар эса соҳага хорижий туристлар оқимининг кескин ўсишини қайд этади. Жумладан, 2024 йилда тиббий туристлар сони ўтган йилга нисбатан 84 фоизга кўпайиб, 74 700 нафарга етган (IntelliNews, 2024). Ушбу маълумотлар Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи мавқеини тасдиқлайди ва у қўшни давлатлар, жумладан Қозоғистондан ҳам илгарилаётганини кўрсатади (TimesCA, 2025). Ўзбекистонда тиббиёт туризмини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими соҳани рағбатлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, молиявий механизмлар ва институционал ислоҳотларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар мажмуасини ташкил этади. Ушбу сиёсатнинг марказий элементи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ–335-сонли қарори эътироф этилади. Мазкур қарор доирасида “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” (Medical Service Hospitality) дастури жорий этилган бўлиб, у клиникаларнинг халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш, хориждаги реклама ва диагностика хизматларига сарфланган маблағларни компенсация қилиш, ҳамда ахборот тизимларига уланиш учун абонент тўловларидан озод этиш ва бошқа кўплаб имтиёз, шунингдек чоратадбирларни назарда тутади. Таҳлилий нуқтаи назардан, мазкур чоралар соҳа рақобатбардошлигини оширишга қаратилган бўлиб, тиббиёт туризми бўйича йиллик даромадни 300 миллион АҚШ долларигача етказиш имконини яратади. Бу эса, энг аввало, Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган беморлар оқимини жалб этиш орқали амалга ошиши кутилмоқда (TimesCA, 2024). Ўзбекистонда тиббиёт туризмини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база илгари қабул қилинган ташаббуслар билан биргаликда янада бойитилмоқда. Жумладан, 2025 йил март ойидан бошлаб тиббий ва соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестри жорий этилган бўлиб, бу тизим хизматлар шаффофлигини таъминлайди ва уларни стандартлаштиришга хизмат қилади. INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 62 Эмпирик маълумотлар таҳлили натижалари Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсатининг самарадорлигини тасдиқлайди. Жумладан, 2016–2023 йиллар давомида Ўзбекистонга ташриф буюрувчи тиббий туристлар сони 12 минг нафардан 61 минг нафаргача ошган. Шуни таъкидлаш жоизки, бу ўсиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларисиз амалга ошиши мумкин эмас эди (Global Research Network, 2025). Таҳлиллардан маълум бўлишича, маъмурий тўсиқларнинг камлиги, хизматлар нархининг арзонлиги ҳамда тил жиҳатидан қулайлик, жумладан, рус тилининг кенг қўлланилиши мамлакатнинг минтақавий жозибадорлигини кучайтирмоқда (RFERL, 2024). Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати соҳадаги халқаро ҳамкорликни фаол рағбатлантирмоқда. Хусусан, Хитой ва туркий тилли давлатлар билан рақамли соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт туризмини ривожлантиришга оид ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Умуман олганда, мамлакатимизда тиббиёт туризмини ривожлантиришга ва уни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асослар барқарорликни таъминлашга йўналтирилган бўлиб, у миллий иқтисодиёт билан чуқур интеграцияни назарда тутади. Тиббиёт туризми эса иқтисодий даромадлар манбаларини диверсификация қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш жараёнларида муҳим рол ўйнамоқда (Eureflect, 2025). Ўзбекистонда тиббиёт туризмининг инфратузилмаси замонавий клиникалар, санаторийлар ва соғломлаштириш марказлари тармоғини ўз ичига олади. Ушбу объектлар туристик маршрутлар билан интеграция қилинган бўлиб, комплекс тиббий ва рекреацион хизматларни тақдим этади. Таҳлилий жиҳатдан, инфратузилмани ривожлантириш давлат инвестицияларига таянади. 2025 йил якунига қадар диагностикадан реабилитациягача бўлган тўлиқ хизматларни кўрсатувчи тиббий кластерлар ташкил этилиши режалаштирилган (Туризм қўмитаси маълумотлари). Тошкент тиббиёт туризмининг асосий маркази сифатида фаол ривожланмоқда. Бу ердаги клиникалар стоматология, косметик жарроҳлик ва SPA-терапия соҳалари учун юқори технологияли жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, хизмат нархлари Европа мамлакатларига нисбатан 2-3 баробар арзон ҳисобланади. Фарғона водийси ва Чимён тоғлари ҳудудларида жойлашган минтақавий санаторийлар эса лой билан даволаш, минерал сувлар ва гирудотерапияга ихтисослашган. Улар анъанавий даволаш усулларини телемедицина технологиялари билан уйғунлаштирган (Global Research Network, 2025). Таҳлиллар натижаларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида тиббий ва соғломлаштириш хизматлари ҳажми 927 миллион АҚШ долларига етган, бунда 2,1 миллион нафар хорижий турист, жумладан тиббий мақсадда келган беморлар ҳиссаси катта улушни ташкил этган (Туризм қўмитаси маълумотлари, 2025). Мамлакатда тиббий туризм хизматлар шахсийлаштирилган ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли платформалар орқали масофавий тиббий маслаҳатлар тизими глобал тенденцияларга мос равишда ривожланмоқда. Шу билан бирга, соҳадаги асосий муаммолардан бири – модернизация масаласидир. Ҳозирги кунда мавжуд клиникаларнинг фақатгина 30 фоизи халқаро JCI аккредитациясидан ўтган бўлиб, бу ҳолат ДХШ (давлат-хусусий шериклик) орқали инвестицияларни фаоллаштириш заруратини кўрсатади (IFC, 2023). INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 63 Умуман олганда, мавжуд инфратузилма Ўзбекистоннинг тиббиёт туризми соҳасида рақобатбардошлигини таъминлаб турибди, бироқ барқарор ўсиш учун рақамлаштириш ва инновацион бошқарув тизимларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон жаҳон тиббиёт туризми бозорида маданий мерос, табиий ресурслар ва иқтисодий қулайликни уйғунлаштирган ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Таҳлилларга қараганда, мамлакатимизнинг рақобатдош афзалликлари анъанавий тиббиёт (фитотерапия, климатотерапия) усулларини замонавий технологиялар билан интеграция қилиш орқали соғломлаштириш дастурларини таклиф этиш имкониятида намоён бўлади (Раҳмонов, 2021). Ўзбекистоннинг табиий ресурслари мамлакатда тиббиёт туризмини ривожлантириш имкониятини янада оширади. Жумладан, табиий ресурслар хусусан, Жиззах вилояти Зомин туманидаги минерал булоқлар ва шифобахш лойлар wellnessтуризмнинг ривожланишига катта ҳисса қўшиб, экологик барқарор ёндашувни таъминлайди. Бундан ташқари, маданий мерос ҳам соҳага қўшимча қиймат бахш этади, яъни даволаниш жараёни Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларни зиёрат қилиш билан уйғунлаштирилиб, “комбо-тур” шаклидаги интеграциялашган йўналишларни яратади (Semantic Journals, 2025). Эмпирик маълумотлар таҳлили натижалари Ўзбекистоннинг тиббиёт туризмидаги қатор афзалликларини тасдиқлайди. Жумладан, хизматлар нархлари АҚШдагига нисбатан 60 фоизга арзон бўлиб, тил тўсиқлари ва ортиқча бюрократик жараёнларнинг мавжуд эмаслиги Марказий Осиё давлатларидан келаётган беморлар оқимининг 2024 йилда ўтган даврга нисбатан 84 фоизга ошишига сабаб бўлган (RFERL, 2024; IntelliNews, 2024). Яна бир ўзига ҳос жиҳат Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва меҳмондўстлик маданияти бўлиб, ушбу жиҳатлар мамлакатимизни минтақавий тиббиёт туризми марказига айлантирмоқда. Шу билан бирга, юқорида келтириб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–335-сонли қарорда белгиланган барқарор ривожланишга қаратилган чоралар Ўзбекистонга жаҳон тенденцияларига мос ҳолда ривожланиш имконини бериб, рақобатчилардан устунликни таъминламоқда. Тиббиёт туризми соҳасида кузатилаётган жадал ўсишга қарамасдан, Ўзбекистон ушбу йўналишнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммоларга дуч келмоқда: Биринчидан, инфратузилмавий камчиликлар. Халқаро аккредитацияга эга замонавий клиникалар сонининг етарли эмаслиги, шунингдек, транспорт тармоғининг етарлича ривожланмаганлиги хорижий беморлар учун қулай логистика тизими яратилишини чекламоқда (Global Research Network, 2025). 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатдаги клиникаларнинг фақатгина 30 фоизи халқаро JCI стандартларига мос келади, бу эса ишонч даражасининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Иккинчидан, малакали кадрлар етишмовчилиги ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Халқаро тажрибага эга ва хорижий тилларни яхши биладиган тиббий мутахассислар сонининг камлиги хизмат кўрсатиш жараёнида тўсиқлар келтириб чиқармоқда (CPC Policy Brief, 2019). Учинчидан, маркетинг ва рақамли инфратузилма соҳасидаги муаммолар ечимини топиш далзарб масалалардан ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатнинг онлайн туризм ахборот майдонда фаоллигининг пастлиги, шунингдек, интеграциялашган ахборот INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 64 тизимининг мавжуд эмаслиги узоқ хорижий мамлакатлардан келаётган туристларни жалб этишни чекламоқда (MDPI, 2025). Бундан ташқари, экологик ва ижтимоий масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, туристик ҳудудларни ривожлантиришда барқарорлик кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилмаслиги, маданий мерос объектларига бўлган босим ҳамда туристик оқимнинг ортиши билан боғлиқ муаммолар кучаймоқда. Ниҳоят, баъзи геосиёсий омиллар халқаро шерикчилик муносабатларини чеклаб, Ўзбекистоннинг жаҳон тиббиёт туризми бозорига тўлиқ кириб боришини қийинлаштирмоқда (Taylor and Francis, 2025). Натижада, Ўзбекистонда минтақавий туризм бозорининг 20 фоизини эгаллаш салоҳияти мавжуд бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон ҳозирда минтақавий бозорнинг фақатгина 5-7 фоиз улушини эгаллаб турибди (IntelliNews, 2024). Юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлат, хусусий ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи комплекс ёндашув зарур бўлиб, қуйида бир қатор йўналишлар таклиф этилади: Биринчидан, инфратузилмавий ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади. Халқаро молия корпорацияси (IFC, 2023) тавсияларига мувофиқ, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмлари орқали клиникаларни халқаро аккредитациядан ўтказишга йўналтирилган инвестициялар жалб қилиниши зарур. Шунингдек, масофавий тиббий маслаҳатларни таъминловчи телемедицина тизимини ривожлантириш тиббий хизматлар сифатини 2026 йил якунига қадар камида 40 фоизга ошириш имкониятини яратади. Иккинчидан, кадрлар сиёсатини такомиллаштириш зарурати мавжуд. Бу йўналишда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий-амалий дастурларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Учинчидан, рақамли трансформацияни жадаллаштириш лозим. Корея тажрибасига ўхшаш тарзда тиббиёт туризми учун сунъий интеллект (AI) асосидаги ягона онлайн платформа яратиш, хизматлар ўртасидаги координацияни таъминлайди. Шунингдек, халқаро кўргазмалар ва ижтимоий тармоқлар орқали маркетинг фаолиятини кенгайтириш зарур. Шу билан бир қаторда, барқарорлик тамойиллари муҳим аҳамиятга эга. Туристик ўсиш билан маданий меросни сақлаш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун “яшил стандартлар”ни жорий этиш ва таъсирни мунтазам мониторинг қилиш зарур (MDPI, 2025). Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–335-сонли қарор билан мутаҳкамлаб қўйилган чора-тадбирлар тўлиқ ва сифатли амалга оширилса, 2027 йил якунига қадар тиббий туристлар оқимини камида 50 фоизга ошириш мумкин бўлади. Хорижий тажрибани таҳлил қилиш Ўзбекистон учун самарали моделларни мослаштириш имконини яратади. Ушбу тадқиқот доирасида бир қатор давлатларнинг тиббиёт туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибаси таҳлил қилинди. Жумладан, Таиланд тиббиёт туризми бозоридаги етакчи давлатлардан бири бўлиб, 2025 йилда соҳада пул айланмаси 10 миллиард АҚШ долларига етган. Ушбу мамлакатда арзон нархлар wellness-туризм ва давлат брендинги - “Amazing Thailand” дастури билан уйғунлаштирилган (DelveInsight, 2025). Муҳим жиҳати шундаки, анъанавий тай тиббиёти халқаро JCI аккредитациясига INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 65 эга шифохоналар билан интеграция қилинган ҳамда беморлар учун виза енгилликлари жорий этилган (Mize, 2025). Ҳиндистон эса арзон, бироқ юқори технологик тиббий амалиётлар - хусусан, кардиология ва онкология соҳаларидаги мураккаб операцияларга ихтисослашган. Мамлакат ҳар йили 2 миллионга яқин тиббий туристларни “Heal in India” платформаси ҳамда авиакомпаниялар билан ҳамкорлик орқали жалб этмоқда (IPRR, 2025). Шунингдек, рақамли соҳа - телемедицина ва сунъий интеллект орқали шахсийлаштирилган хизматлар тизими жадал ривожланмоқда. Туркия тиббиёт ва маданий туризмни уйғунлаштирган комбо-турлар орқали юқори натижаларга эришмоқда. Мамлакат тиббий туризми косметология ва трансплантация соҳаларига ихтисослаштирилиб, Европа Иттифоқи стандартларига мос хизматлар орқали йилига 2 миллиард доллар даромад олмоқда. Бу натижа географик жойлашув ва инфратузилманинг самарали бошқаруви билан чамбарчас боғлиқдир (My1Health, 2025). Сингапур эса премиум-сегментда етакчиликни қўлга киритган бўлиб, бу ерда юқори технологияли клиникалар (жумладан, Bumrungrad) фаолият юритади. Мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳаси таълим ва илмий тадқиқот (R&D) билан интеграция қилинган ҳамда қатъий регуляция тизими жорий этилган (Nomad Capitalist, 2025). Халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, муваффақиятнинг умумий омиллари – инфратузилмага инвестиция киритиш учун давлат-хусусий шериклик (ДХШ) моделлари, маркетинг учун рақамли платформалар ва барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этишдан иборат. Ўзбекистон ушбу моделларни мослаштириш орқали Таиланд ва Ҳиндистон билан технологиялар алмашинувига йўналтирилган ҳамкорликни кучайтириши мумкин. Хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантириш салоҳияти катта бўлиб, бу жараён давлат қўллаб-қувватлови, бой табиий ва маданий ресурслар ҳамда хорижий туристлар оқимининг изчил ўсиши билан мустаҳкамланмоқда. Бироқ, ҳозирги кундаги инфратузилмавий камчиликлар, салоҳиятли кадрлар етишмовчилиги ва маркетинг соҳасидаги муаммолар соҳанинг барқарор ривожланиши учун долзарб масалалар сифатида қолаётганини таъкидлаш лозим. Шундан келиб чиқиб, тадқиқот натижаларига асосан қуйидагилар тавсия этилади: - Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини такомиллаштириш орқали инфратузилмани модернизация қилиш ва халқаро аккредитациядан ўтказишни кучайтириш ҳамда 2027 йилга қадар JCI стандартларига мос клиникалар улушини 70 фоизга етказиш; - Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро тажрибани интеграция қилган таълим дастурларини жорий этиш; - Рақамли платформалар яратиш орқали маркетинг ва телемедицина хизматларини йўлга қўйиш; - Хорижий тажрибани Ўзбекистонга мослаштириш, яъни Таиланддаги брендлаштириш ва Туркиядаги “комбо-тур” моделларини жорий этиш орқали хизмат турларини диверсификация қилиш; - Экология ва туризм ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида барқарор ривожланишни мониторинг қилиш тизимини яратиш; INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 66 Ушбу тавсияларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг минтақавий тиббиёт туризми бозоридаги улушини 2030 йилга қадар 15–20 фоизгача ошириш, йиллик даромадни эса 1 миллиард АҚШ долларидан ошириш имконини беради. Бу эса нафақат иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, балки мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатдан яхшилашга хизмат қилади. ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 1. WHO. Global Medical Tourism Overview, 2023. – С.4. 2. CPC. SPECIAL POLICY BRIEF: Tourism Development in Uzbekistan. – 2019. – URL: https://www.caspianpolicy.org/research/report/special-policy-brief-tourism-development-inuzbekistan-challenges-and-opportunities-9656. 3. DelveInsight. Medical Tourism Trends 2025: Top Destinations & Innovations. – 2025. – URL: https://www.delveinsight.com/blog/medical-tourism-trends-2025 (дата обращения: 13.10.2025). 4. Global Research Network. Prospects for The Development of Medical Tourism in Uzbekistan. – 2025. – URL: https://www.globalresearchnetwork.us/index.php/ajebm/article/view/3757. 5. Global Wellness Institute. The Future of Wellness Tourism: Trends and Predictions. – 2023. 6. IFC. Assists Uzbekistan to Modernize Healthcare Services Through Public-Private Partnership. – 2023. – URL: https://www.ifc.org/en/pressroom/2023/ifc-assists-uzbekistanto-modernize-healthcare-services-through-public-private-partnership. 7. IntelliNews. Uzbekistan records 84% y/y rise in medical tourist visits in 8M24. – 2024. – URL: https://www.intellinews.com/uzbekistan-records-84-y-y-rise-in-medical-tourist-visitsin-8m24-345463. 8. IPRR. India's Medical Tourism: Strengthening a Global Healthcare Hub. – 2025. – URL: https://iprr.impriindia.com/indias-medical-tourism. 9. Kim S., Arcodia C., Kim I. Sustainable Governance on the Intention of Medical Tourism in Uzbekistan // Sustainability. – 2021. – Vol. 13. – No. 12. – P. 6915. 10. MDPI. Tourism Sustainability in Uzbekistan: Challenges and Opportunities. – 2025. – URL: https://www.mdpi.com/2227-7099/13/9/250. 11. Mize. Medical Tourism in 2025: A Guide for Travel Agencies and OTAs. – 2025. 12. My1Health. Best Countries for Medical Tourism Partnerships in 2025. – 2025. – URL: https://my1health.com/referral-partner-network/articles/best-countries-for-medical-tourismpartnerships-in-2025. 13. Nomad Capitalist. Top 10 Countries for Medical Tourism and Overseas Healthcare. – 2025. – URL: https://nomadcapitalist.com/global-citizen/freedom/top-5-best-countries-medicaltourism. 14. Rahmonov D. Traditional Medicine in Central Asia: Practices and Applications // Uzbekistan Studies Quarterly. – 2021. – Vol. 8. – No. 2. – P. 10-25. 15. RFERL. Medical Tourism Draws Tajiks, Other Central Asians To Neighboring Uzbekistan. – 2024. – URL: https://www.rferl.org/a/medical-tourism-uzbekistan-tajikistan-kazakhstankyrgyzstan-turkmenistan/33154132.html. 16. Scientists.uz. ANALYSIS OF THE CONDITIONS FOR THE DEVELOPMENT OF MEDICAL TOURISM IN UZBEKISTAN. – 2024. – URL: http://scientists.uz/uploads/202403/A-13.pdf. INTERNATIONAL SCIENTIFIC AND PRACTICAL CONFERENCE “MEDICAL TOURISM IN THE 21ST CENTURY: SUSTAINABLE MODELS AND CUTTING-EDGE PRACTICES”, NOVEMBER 10-12, 2025 67 17. Taylor and Francis. Sustainable tourism development: the case of Silk Road cities in Uzbekistan. – 2025. 18. TimesCA. Uzbekistan Plans to Earn $300 Million a Year From Medical Tourism. – 2024. – URL: https://timesca.com/uzbekistan-plans-to-earn-300-million-a-year-from-medicaltourism. 19. Travel and Tour World. How Countries Like India, Thailand, and Turkey Are Becoming Major Healthcare Destinations. – 2025. – URL: https://www.travelandtourworld.com/news/article/how-countries-like-india-thailand-andturkey-are-becoming-major-healthcare-destinations-for-international-patients-all-new-boostto-medical-tourism. 20. Woodman J. Patients Beyond Borders: Third Edition. – Beijing: Healthy Travel Media, 2015. – 312 P.