scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ЖАҲОН ТАРИХИ ФАНИНИНГ ТАРИХИЙ ТАФАККУРНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ ЎРНИ

Бахромжон Хайназаров

Full text

202 Vol. 5, No. 11 – Special Issue (EJSSPC) ISSN: 2181-2888 MINWHPS International Scientific-Practice Conference on “Modern Interpretation of National and World History: Problems and Solutions” Denau, November 17, 2025 in-academy.uz/index.php/ejsspc ЖАҲОН ТАРИХИ ФАНИНИНГ ТАРИХИЙ ТАФАККУРНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ ЎРНИ Бахромжон Хайназаров Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жаҳон тарихи кафедраси мудири т.ф.д., доц. https://doi.org/10.5281/zenodo.17642957 Аннотация. Ушбу мақолада жаҳон тарихининг талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг тарихий тафаккурини шакллантиришдаги муҳим восита сифатидаги аҳамияти таҳлил қилинади. Глобал тарихий жараёнларни ўрганиш танқидий ва тизимли фикрлашни, воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиришга, шунингдек, маҳаллий ва глобал тенденциялар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни англашга алоҳида эътибор қаратилади. Машҳур тарихчилар - Геродот, Тойнби, Бродел, Хобсбаум, Хантингтон ва Ясперс асарларидан мисоллар келтирилади. Мақолада, шунингдек, бўлажак тарихчининг касбий ва фуқаролик фазилатларини шакллантиришда жаҳон тарихини ўқитишнинг аҳамияти таъкидланади. Хулоса қисмида глобаллашув ва рақамли давр шароитида тарих таълимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилади. Калит сўзлар. жаҳон тарихи, тарихий тафаккур, сивилизатсион ёндашув, глобал онг, тарихий таълим, танқидий фикрлаш. Замонавий жамият шиддатли ўзгаришлар, ахборот тўйинчилиги ва доимий маданий алоқалар даврида яшаётир. Бундай шароитда тарихий фикрлаш қобилияти нафақат профессионал тарихчи учун, балки ҳар бир зиёли инсон учун ҳам муҳим кўникмага айланмоқда. Тарихий тафаккур ўтмишни иқтисодиёт, маданият, сиёсат ва фан ўзаро чамбарчас боғлиқ жараён сифатида кўриш имконини беради. У ўтмиш воқеаларининг бугунги кунга қандай таъсир этаётганини ва улардан замонавий ҳодисалар қандай шаклланаётганини тушунишга ёрдам беради[1]. Жаҳон тарихи инсоннинг кенг қамровли ва тизимли фикрлашни ўрганадиган майдондир. У инсоният тарихини алоҳида фактлар кетма-кетлиги эмас, балки маданиятлар, ғоялар ва жамиятларнинг ўзаро боғлиқ тармоғи эканлигини кўрсатади. Бундай ёндашув талабаларда тарихий ривожланишнинг умумий қонуниятлари ва ўзига хос хусусиятларини илғай олиш қобилиятини шакллантиради. Марк Блок айтганидек, "тарих - бу замондаги одамлар ҳақидаги фан" - бу ибора бутун дунёнинг ўзаро боғлиқлигини англаётган бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Тарихий тафаккур, айниқса, жамият улкан ҳажмдаги ахборотга дуч келаётган рақамли даврда муҳим аҳамият касб этади. Манбаларни таҳлил қилиш, ишончли фактларни талқинлар ва мафкуравий бузилишлардан ажрата билиш интеллектуал маданиятнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Кўплаб халқлар ва цивилизациялар тажрибасини қамраб олган жаҳон тарихи танқидий таҳлил ва тарихий мулоҳазанинг энг самарали мактаби бўлиб хизмат қилади[2]. Айниқса жаҳон тарихи фани танқидий ва таҳлилий фикрлашни шакллантириш воситаси сифатидаги ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жаҳон тарихини ўрганиш талабалардан доимий равишда қиёслаш ва таҳлил қилишни талаб этади. Тарихчи ўзига шундай саволларни бериши лозим: нима учун бир жамият ислоҳотлар йўлидан борди-ю, бошқаси инқилоб сари юз тутди? Нима сабабдан айрим империялар гуллаб-яшнади, бошқалари эса таназзулга учради? Бу саволларга маданий ва сивилизацион контекстларни чуқур англамасдан туриб жавоб топиб бўлмайди. 203 Vol. 5, No. 11 – Special Issue (EJSSPC) ISSN: 2181-2888 MINWHPS International Scientific-Practice Conference on “Modern Interpretation of National and World History: Problems and Solutions” Denau, November 17, 2025 in-academy.uz/index.php/ejsspc Арнолд Тойнби ўзининг "Тарихни англаш" асарида цивилизациялар қийинчиликларни енгиб ўтиш орқали ривожланади, деган ғояни илгари сурган. Бу тамойил тарихий жараён тўғри чизиқли эмас, балки инқирозлар ва уларга берилган жавобларнинг мураккаб ўзаро таъсиридан иборат эканлигини тушунишга ёрдам беради. Бундай ёндашув талабаларда таҳлилий фикрлаш, қонуниятларни илғай олиш ва асосли хулосалар чиқариш қобилиятини шакллантиради[3]. Франциядаги машҳур "Анналлар" мактабининг асосчилари орасида бўлган Фернан Бродел вақтни кўп қатламли тушунишни таклиф этди - у воқеалар, жараёнлар ва узоқ муддатли тузилмаларни фарқлайди. Бу келажак тарихчиларини нафақат хронологик, балки иқтисодий, маданий ва геосиёсий омилларни ўзаро боғлаган ҳолда концептуал фикрлашга ўргатади. Айнан шу ёндашув замонавий илмий методологиянинг асосини ташкил этади. Эрик Гобсбаум "Экстремаллар даври" асарида XX асрнинг мафкуралар тўқнашуви, урушлар ва ижтимоий инқилоблар майдонига айланишини кўрсатиб берган. Семюэл Хантингтон эса "Цивилизациялар тўқнашуви" китобида маданий ўзига хосликнинг замонавий сиёсатдаги муҳим омил эканлигини таъкидлаган. Ушбу тадқиқотлар тарих нафақат ўтмишни, балки замонавий дунёни тушуниш воситаси ҳам эканлигини намойиш этади[4]. Жаҳон тарихи талабаларга инсониятнинг ягона, ўзаро боғлиқ тизим эканлигини англашда ёрдам беради. Цивилизацияларнинг ривожланиши доимо алоқалар, савдо-сотиқ, урушлар ва маданий алмашувлар орқали юз берган. Бунга Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқдаги қадимги жамиятларнинг ўзаро таъсири, ўрта асрларда араб илм-фанининг Европага кўрсатган таъсири ёки Буюк географик кашфиётларнинг маданий оқибатлари мисол бўла олади. Бу алоқалар инсоният тарихининг ягона жараён эканлигини тасдиқлайди. Карл Ясперс "ўқ даври"ни таҳлил қилиб, милоддан аввалги VIII-II асрларда дунёнинг турли қисмларида - Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон ва Яқин Шарқда инсоният тараққиётини белгилаб берган маънавий анъаналарнинг пайдо бўлишини кўрсатиб берган. Бу мисол турли халқларнинг маданий ютуқлари ажралмас ва бир-бирини тўлдирувчи эканлигини исботлайди. Буни тушуниш талабаларда интеграция ва халқаро ҳамкорлик даврида зарур бўлган глобал онгни шакллантиради. Жаҳон тарихи ахлоқий ва фуқаролик масъулиятини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади. Ҳар бир тарихий ҳаракатнинг оқибатлари мавжудлигини англаш бўлажак мутахассисларда инсоният тақдири билан боғлиқлик туйғусини ва ўтмишга ҳурматни шакллантиради[5]. Бўлажак тарихчи учун жаҳон тарихини билиш касбий малаканинг асосини ташкил этади. Бу миллий ҳодисаларни глобал миқёсда кўриш, таққослаш ва холис хулосалар чиқариш имконини беради. Бунсиз саноатлаштириш, мустамлакачилик, жаҳон урушлари ёки глобаллашув каби жараёнларнинг қонуниятларини тушуниб бўлмайди. Турли минтақалар ва даврларни ўрганиш орқали талаба қиёсий таҳлил қобилиятини ривожлантиради. Масалан, Россия, Япония ва Усмонли империясидаги модернизацияни таққослаш маданий хусусиятлар давлатнинг ривожланиш йўлига қандай таъсир кўрсатишини намоён этади. Бундай ёндашув универсал ечимларни излашга эмас, балки инсониятнинг мураккаб тарихий тажрибасини тушунишга ўргатади. Бундан ташқари, жаҳон тарихи тарихчи касби учун муҳим бўлган шахсий фазилатларни шакллантиришга кўмаклашади: холислик, бағрикенглик, бошқа маданиятлар ва фикрларга ҳурмат. У илмий мулоқот ва таҳлилий мунозара маданиятини ривожлантиришга ёрдам беради. 204 Vol. 5, No. 11 – Special Issue (EJSSPC) ISSN: 2181-2888 MINWHPS International Scientific-Practice Conference on “Modern Interpretation of National and World History: Problems and Solutions” Denau, November 17, 2025 in-academy.uz/index.php/ejsspc Хали ҳануз тарихий тафаккурнинг асосий манбалари сифатида классик ва замонавий илмий асарлар катта роль ўйнамоқда. Хусуан, антик муаллифлардан Геродот ва Фукидид тарихий таҳлил асосларини яратдилар. Геродот маданиятлар ва урф-одатларни тасвирлаш орқали, Фукидид эса воқеаларни холисона ва мантиқий тушунтириш йўли билан. Гегел ўзининг "Тарих фалсафаси" асарида тарихни инсоният руҳининг намоён бўлиши сифатида кўрган бўлса, Бродел ва Тойнби бу тушунчани кенгайтириб, унга тизимли ва қиёсий ёндашувни қўшдилар. Р. Козеллек, Ю. Бессмертний, Ф. Фукуяма каби замонавий назариётчилар тарихни сиёсий маданият ва глобал тенденциялар билан боғлаб, тарихий талқин ғояларини ривожлантирмоқдалар. Уларнинг асарлари талабаларга тарихий тафаккур шунчаки академик билим эмас, балки воқеликни англаш усули эканлигини тушунишда ёрдам беради[6]. Умуман олганда жаҳон тарихи фанини ўқитиш орқали талабаларда тарихий тафаккурни ривожлантиришда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш жоиздир: 1. Ўқув дастурларига тарихий таҳлил ва манбаларни талқин қилиш методологияси бўйича махсус курсларни киритиш. 2. Жаҳон тарихини ўрганишда интерактив хариталар, маълумотлар базалари, виртуал архивлар каби рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш. 3. Нафақат низоларга, балки маданиятларнинг ўзаро таъсирига ҳам эътибор қаратган ҳолда цивилизациялараро ёндашувни ривожлантириш. 4. Қиёсий тарих ва глобал жараёнлар бўйича талабаларнинг илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш. 5. Жаҳон тарихи бўйича таржима қилинган классик асарлар ва замонавий тадқиқотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. 6. Академик мулоқот, мунозара ва танқидий фикрлашни ривожлантиришни рағбатлантириш. Умуман олганда Жаҳон тарихи шунчаки фан эмас, балки келажак тарихчининг тафаккури ва шахсиятини шакллантиришнинг муҳим воситасидир. У инсониятнинг энг қадимги цивилизациялардан бугунги глобаллашган дунёгача бўлган йўлни қандай босиб ўтганини тушунишга ёрдам беради. Жаҳон тарихини ўрганиш кенг қамровли, танқидий ва ахлоқий фикрлаш қобилиятини ўстиради. Арнолд Тойнби айтганидек, "тарих - инсониятнинг тажрибахонасидир" ва айнан умумжаҳон тарихи бу тажрибахонада барча маданиятлар ва халқларнинг ўзаро алоқадорлигини кўриш имконини беради. Бундай тушунчсиз на бугунни англаб етиш, на масъулиятли келажакни барпо этиш мумкин. References: 1. Блок М. Апология истории, или Ремесло историка. — М.: Наука, 1986. 2. Бродель Ф. Материальная цивилизация, экономика и капитализм, XV–XVIII вв. — М.: Прогресс, 1988. 3. Гегель Г. В. Ф. Философия истории. — М.: Мысль, 1993. 4. Геродот. История. — М.: Наука, 1999. 5. Тойнби А. Постижение истории. — М.: Айрис-пресс, 2001. 6. Ясперс К. Происхождение и цель истории. — М.: Республика, 1994.