Хорижий мамлакатларда инвестицион самарадорликни ошириш бўйича методологик ёндашувлар (АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони, Россия ва бошқалар тажрибаси)
Abstract
Мақолада дунё мамлакатлари, жумладан АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россия мисолида инвестицион самарадорликни оширишга қаратилган давлат сиёсатининг илмий-назарий асослари ва методологик ёндашувлари таҳлил қилинган. Унда жаҳон амалиётидаги умумий тенденциялар, мамлакат бошқаруви ва институционал ислоҳотларнинг инвестиция муҳитига таъсири, шунингдек, ривожланиш даражаси ва натижадорликни баҳолаш механизмлари ўрганилган. Тадқиқот натижасида Ўзбекистонда инвестиция самарадорлигини оширишга оид зарур илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Full text
RESEARCH AND DEVELOPMENT TADQIQOT VA TARAQQIYOT ISSN: 3030 – 3281 Volume II, Issue 11 (2025) © 2025, the Author(s). Published by IMFAKTOR. This is an open access article under the CC BY license http://creativecommons.org/licenses/by/4.0/ 90 Бугунги кунда инвестициялар ҳар қандай давлатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Инвестиция фаолияти иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлайди, янги иш ўринларини яратади, замонавий технологияларни жорий этади ва экспорт салоҳиятини оширади. Шу боис инвестиция самарадорлигини ошириш масаласи жаҳон мамлакатлари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида намоён бўлмоқда. Инвестиция самарадорлиги тушунчаси фақат молиявий қайтим кўрсаткичларини эмас, балки унинг ижтимоий, технологик ва институционал таъсирини ҳам қамраб олади. Хорижий мамлакатларда инвестицион самарадорликни ошириш бўйича методологик ёндашувлар (АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони, Россия ва бошқалар тажрибаси) Собир ЮЛДОШЕВ¹. ¹ Қарши давлат техника университети,“Таълим сифати назорати бўлими” бошлиғи, фалсафа доктори (PhD). https://doi.org/10.5281/zenodo.17759408 АННОТАЦИЯ Мақолада дунё мамлакатлари, жумладан АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россия мисолида инвестицион самарадорликни оширишга қаратилган давлат сиёсатининг илмий-назарий асослари ва методологик ёндашувлари таҳлил қилинган. Унда жаҳон амалиётидаги умумий тенденциялар, мамлакат бошқаруви ва институционал ислоҳотларнинг инвестиция муҳитига таъсири, шунингдек, ривожланиш даражаси ва натижадорликни баҳолаш механизмлари ўрганилган. Тадқиқот натижасида Ўзбекистонда инвестиция самарадорлигини оширишга оид зарур илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган. Калит сўзлар: модернизация, технологиялар, институционал муҳит, инновациялар, хорижий тажриба, инвестициялар, методологик ёндашувлар ва самарадорлик. Methodological Approaches to Enhancing Investment Efficiency in Foreign Countries (Experience of the USA, Norway, Saudi Arabia, Russia, and other nations) ANNOTATION The article analyzes the scientific and theoretical foundations and methodological approaches of public policy aimed at enhancing investment efficiency in various countries, including the United States, Norway, Saudi Arabia, and Russia. It examines global trends, the impact of governance and institutional reforms on the investment climate, as well as mechanisms for assessing development levels and performance. Based on the research findings, the study formulates essential scientific proposals and practical recommendations for improving investment efficiency in Uzbekistan. Keywords: modernization, technologies, institutional environment, innovations, international experience, investments, methodological approaches, and efficiency. Методологические подходы к повышению инвестиционной эффективности в зарубежных странах (опыт США, Норвегии, Саудовской Аравии, России и других государств) АННОТАЦИЯ В статье проанализированы научно-теоретические основы и методологические подходы государственной политики, направленной на повышение инвестиционной эффективности в странах мира, в том числе на примере США, Норвегии, Саудовской Аравии и России. Рассмотрены общие тенденции мировой практики, влияние государственного управления и институциональных реформ на инвестиционный климат, а также механизмы оценки уровня развития и результативности. По итогам исследования разработаны необходимые научные предложения и практические рекомендации по повышению инвестиционной эффективности в Узбекистане. Ключевые слова: модернизация, технологии, институциональная среда, инновации, зарубежный опыт, инвестиции, методологические подходы и эффективность.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 11-SON | 2025 \ 91 Мамлакат инвестиция сиёсатини самарали йўналтирган ҳолда иқтисодиётда ресурслар тақсимотини оптималлаштиради, стратегик аҳамиятга эга соҳаларга сармоя киритилишини таъминлайди ва макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш имконини яратади. АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россия тажрибалари шундан далолат берадики, инвестицион сиёсатни мақсадли, тизимли ва илмий асосда амалга ошириш инвестиция муҳитини яхшилайди, капитал оқимини рағбатлантиради ва инновацион фаолиятни кучайтиради. Ушбу мамлакатларда давлат сиёсати институционал муҳитни ислоҳ қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини аниқ ва холис баҳолашга йўналтирилган [1]. Мазкур мақоладан кўзланган асосий мақсад – хорижий давлатларда инвестицион самарадорликни ошириш бўйича қўлланилаётган методологик ёндашувларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг Ўзбекистон шароитида қўлланиш имкониятларини илмий жиҳатдан ўрганишдир. Тадқиқотнинг асосий вазифалари дунё мамлакатларида инвестиция самарадорлигини оширишга қаратилган илмий ёндашувлар ва давлат сиёсатидаги асосий тамойилларни ўрганиш, АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россиянинг тажрибаларини таҳлил ва таққослаш, шунингдек давлат сиёсатининг инвестицион муҳитга таъсирини методологик жиҳатдан баҳолашдан иборатдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳам тадқиқот доирасида алоҳида аҳамият касб этади. Мақоланинг илмий янгилиги шунда намоён бўладики, унда хорижий давлатларда инвестиция сиёсатини амалга оширишда давлатнинг тизимли иштироки ҳамда институционал самарадорлиги комплекс ва таққослама тарзда таҳлил қилинган бўлиб, олинган натижалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция ислоҳотлари билан ўзаро солиштирилади. Инвестицион самарадорликни ошириш масаласи жаҳон иқтисодий адабиётида энг кўп ўрганилган йўналишлардан бири ҳисобланади. Замонавий тадқиқотларда асосий эътибор инвестиция сиёсатини стратегик режалаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш, шунингдек инвестиция муҳитининг институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Жаҳон банки (World Bank) ва OECD томонидан таклиф этилган инвестиция сиёсатини баҳолаш моделида инвестиция муҳитининг ҳуқуқий барқарорлик, бозор инфратузилмаси, давлат сиёсатининг прогноз қилина олиш даражаси, хусусий сектор иштироки ва халқаро интеграция имкониятлари каби беш асосий мезони белгиланган бўлиб, ушбу модел кўплаб мамлакатларда инвестиция сиёсатини қайта кўриб чиқишда методологик асос сифатида хизмат қилмоқда. АҚШ тажрибасига оид илмий манбалар таҳлилига кўра, мамлакатда инвестиция самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг марказий йўналишларидан бири ҳисобланади. Т. Пол Кругман, Ж. Стиглиц ва Р. Барро каби иқтисодчилар асарларида инвестицияларнинг иқтисодий ўсишга таъсири институционал муҳит ва бошқарув сифатининг функционал натижаси сифатида изоҳланган. “Infrastructure-based development” (U.S. Economic Review, 2019) тадқиқотида эътироф этилганидек, инфратузилмага йўналтирилган инвестициялар умумий меҳнат маҳсулдорлигини тахминан 1,2 баробарга оширган. Норвегия ва Скандинавия мамлакатлари тажрибаси ҳам инвестицион сиёсатнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Норвегияда давлат инвестиция сиёсатини бошқаришда суверен фондлар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Дунёдаги энг йирик давлат инвестиция фондларидан бири бўлган Норвегия Пенсия фонди (Government Pension Fund Global) “барқарорлик”, “инновацион диверсификация” ва “шаффофлик” тамойиллари асосида иш юритади. Ушбу модел Т. Лунд (2020) ва Э. Хансен (2021) томонидан “The Norwegian Paradox” номли тадқиқотда атрофлича ўрганилган. Саудия Арабистони ва GCC мамлакатларида эса “Vision 2030” стратегияси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва инвестиция сиёсатини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. KAPSARC (King Abdullah Petroleum Studies and Research Center) тадқиқотларида таъкидланишича, давлат инвестицияларининг самарадорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири статистик ҳисоботлар шаффофлигини таъминлаш ва хорижий инвестициялар бўйича FDI ҳисоб-китобларини тўғри методология асосида амалга оширишдир. 2023 йилда Саудия статистика идораси хорижий инвестицияларни баҳолашнинг янгиланган усулларини қабул қилгани мазкур жараёнларнинг институционал сифатини яхшилашга хизмат қилган. Россия илмий мактабида инвестицион самарадорлик масалалари иқтисодий самарадорлик назарияси доирасида чуқур ўрганилган. Ю. Тихонов ва В. Серов (2021) томонидан таклиф этилган “Методология оценки экономической эффективности инвестиционных проектов” асарида инвестицион лойиҳалар натижадорлигини NPV (Net Present Value), IRR (Internal Rate of Return) ва PBP (Payback Period) каби молиявий кўрсаткичлар асосида баҳолаш таклиф қилинган.
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 11 | 2025 \ 92 Муаллифлар институционал хавфлар, давлат сиёсатининг барқарорлиги ва тартибга солиш механизмлари сифатини интеграл баҳолаш моделларига киритиш зарурлигини ҳам таъкидлаган. Шу боисдан, хорижий мамлакатлар тажрибаси инвестиция самарадорлигини оширишда давлат сиёсатининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Юқори инвестицион самарадорлик институционал муҳитнинг барқарорлиги, давлат-хусусий шериклик механизмларининг самарали ишлаши ва давлат томонидан ишлаб чиқилган аниқ ва узоқ муддатли стратегик ёндашувларнинг мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқ. Тадқиқот методологияси хорижий давлатларда давлат сиёсатининг инвестиция самарадорлигига кўрсатадиган таъсирини ўрганишда қиёсий таҳлил, тизимли ёндашув ва институционал таҳлил усулларини қўллашга асосланади. Тадқиқот объектлари сифатида АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россия танланди. АҚШ ривожланган бозор иқтисодиёти, самарали инфратузилма сиёсати ва хусусий сектор фаоллигининг юқори даражаси билан ажралиб туради. Норвегияда давлат сармояларини суверен фондлар орқали бошқаришнинг ўзига хос модели мавжуд бўлиб, у узоқ муддатли барқарор ривожланишга йўналтирилган. Саудия Арабистони инвестицион сиёсатни диверсификация қилиш ва хорижий сармояларни мониторинг қилишнинг илғор методологиясини жорий этган. Россия эса давлат иштироки юқори бўлган иқтисодий модель, ислоҳот амалиёти ва институционал хатарларни бошқариш стратегияси билан тавсифланади. Ушбу давлатларни танлашдан мақсад инвестиция самарадорлигини таъминлашда турли иқтисодий моделлар, давлат сиёсатининг ўрни ва институционал механизмларнинг самарадорлигини қиёсий таҳлил қилишдан иборатдир. Тадқиқотнинг чегаралари 2018-2024 йиллардаги халқаро ҳисоботлар ва давлат статистик маълумотлари билан белгиланган. Маълумотлар турли форматда тақдим этилгани боис айрим кўрсаткичлар эксперт баҳолари асосида тўлдирилди. Шу билан бирга, тадқиқот инвестиция самарадорлигини асосан давлат сиёсатининг таъсири нуқтаи назаридан ўрганади; иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар комплекс таҳлил қилинмаган бўлиб, бу тадқиқот доираси учун белгиланган методологик чекловни ифода этади [2]. Дунё мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, инвестиция самарадорлигини таъминлашда давлат сиёсати ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бироқ ушбу сиёсатнинг шаклланиши ҳар бир мамлакатда иқтисодий тизим хусусиятлари, институтлар ривожи, табиий ресурслар, демографик таркиб ва геосиёсий шароитларга қараб турлича намоён бўлади. АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россия тажрибаларини қиёсий таҳлил қилиш шу жиҳатдан инвестиция сиёсатининг самарадорлигини таъминловчи муҳим механизмларни аниқлаш имконини беради. АҚШ тажрибасида инвестицияларни рағбатлантиришда бозор институтлари ва инфратузилмани ривожлантириш стратегияси асосий ўрин тутади. Мамлакатда инвестицион муҳит қонун устуворлиги, рақобатнинг очиқлиги ва молия бозорларининг ривожланганлиги орқали таъминланади. Давлат инвестиция жараёнларига тўғридан-тўғри аралашмаган ҳолда, солиқ имтиёзлари, грантлар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи субсидиялар орқали хусусий капиталнинг фаоллигини оширади. “Infrastructure Investment and Jobs Act” (2021) доирасида амалга оширилаётган 1,2 триллион долларлик инфратузилма дастури 2024 йилда ички инвестиция улушининг ЯИМга нисбатан 22,1 фоизгача ошишига хизмат қилди. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари сони 2023 йилда 650 тадан ошгани, инвестиция самарадорлигининг бозор механизмлари билан уйғунлашувини кўрсатади. Шунингдек, АҚШда илмий-тадқиқот ва инновацион йўналишларга инвестициялар ЯИМнинг 3,4 фоизини ташкил этиши мамлакатнинг инновацион самарадорлик бўйича жаҳондаги етакчи ўринларидан бирини сақлаб қолишини таъминлайди. Норвегия тажрибасида давлат инвестиция сиёсатининг марказида суверен фонд фаолияти турибди. Government Pension Fund Global дунёдаги энг йирик давлат инвестиция фонди бўлиб, унинг активлари 2025 йилда 1,5 триллион доллардан ошган. Фонд табиий ресурслардан олинадиган даромадларни келажак авлодлар манфаатида самарали йўналтиришга қаратилган. Инвестиция портфелида 70 фоиз акциялар, 25 фоиз облигатсиялар ва 5 фоиз инфратузилма лойиҳалари улуши сақланган. Ҳар бир инвестициянинг экологик ва ижтимоий таъсири алоҳида баҳоланиши, ҳисобдорлик ва шаффофликнинг қатъий таъминланиши Норвегия моделининг асосий институционал афзалликларидир. Бу модел “The Norwegian Paradox” тадқиқотларида илмий асосда ёритилган бўлиб, барқарор инвестиция сиёсатининг самарадорлигини намоён этади [3]. Саудия Арабистонида “Vision 2030” стратегияси асосида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва инвестиция сиёсатини тубдан қайта қуриш устувор мақсад этиб белгиланган. Давлат PIF (Public Investment Fund) орқали стратегик лойиҳаларни амалга оширади ва фонд активлари 2025 йилда 925 миллиард долларга етган.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 11-SON | 2025 \ 93 Туризм, логистика, яшил энергетика ва рақамли иқтисодиёт йўналишлари асосий сармоя майдонларини ташкил қилади. 2023 йилда хорижий инвестицияларни баҳолашнинг янги FDI методологиясини қабул қилиниши инвестиция самарадорлигини аниқ ва халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини кучайтирди [4]. Россияда эса инвестиция сиёсатининг хусусияти давлат иштирокининг юқорилиги, марказлашган бошқарув ва молиявий тартибга солиш механизмлари билан белгиланади. Давлат сармоялари умумий инвестиция ҳажмининг тахминан 42 фоизини ташкил этади. Инвестиция лойиҳалари самарадорлиги NPV, IRR ва PI каби анъанавий иқтисодий кўрсаткичлар асосида баҳоланади. Шу билан бирга, санкциялар ва геосиёсий чекловлар шароитида миллий молия институтларини ривожлантириш, ички сармоя базасини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Национальные проекты – 2030” дастури доирасида давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий этилмоқда, бироқ ҳуқуқий барқарорликнинг етишмаслиги ва валюта хатарлари инвестиция муҳитининг самарадорлигини чекловчи омиллар сифатида сақланиб қолмоқда. Хулоса ва таклифлар Хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиш инвестиция самарадорлигини таъминлашда давлат сиёсатининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади. АҚШ мисолида давлат институтлари инвестицион жараёнларни тартибга солишда тўғридан-тўғри иштирок этмасдан, инфратузилма лойиҳалари, молиявий рағбатлар ва инновацион дастурлар орқали хусусий секторнинг фаоллигини оширади. Норвегияда эса суверен фонд фаолиятига асосланган барқарор инвестиция модели қўлланилиб, табиий ресурслардан тушадиган даромадларнинг узоқ муддатли самарадорлиги таъминланади. Саудия Арабистонида “Vision 2030” стратегияси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва халқаро инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитини шакллантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Россия тажрибаси эса давлат иштироки юқори бўлган модел асосида инвестиция фаолиятини миллий лойиҳалар ва ички сармоя манбаларини кенгайтириш орқали рағбатлантиришга қаратилганини кўрсатади. Институционал муҳитнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий кафолатлар инвестиция самарадорлигининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Норвегия ва АҚШда ҳуқуқий аниқлик, шаффофлик ва институтларнинг барқарорлиги инвестиция фаолиятининг юқори натижаларини таъминласа, Россия ва санкция таъсирига учраган бошқа мамлакатларда ҳуқуқий хавфлар ва институционал ноаниқлик инвестиция самарадорлигини чекловчи омил сифатида намоён бўлмоқда. Таҳлил шуни кўрсатадики, давлат-хусусий шериклик механизмлари инвестиция фаоллигини оширишда самарали восита ҳисобланади. АҚШда PPP лойиҳалари орқали инфратузилма ва инновацион йўналишларда катта ҳажмда сармоя жалб этилаётган бўлса, Саудия Арабистонида PIF орқали амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодиётни диверсификация қилишда муҳим роль ўйнамоқда. Шу билан бирга, илғор технология ва инновацияларга йўналтирилган сармоялар иқтисодий ўсиш ҳамда миллий рақобатбардошликнинг асосий драйверларидан бири эканлиги АҚШ ва Норвегия тажрибаларида яққол намоён бўлади. Ушбу хулосалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда инвестиция самарадорлигини ошириш учун бир қатор амалий таклифларни илгари суриш мумкин. Биринчидан, давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан шуғулланувчи институционал тузилмаларнинг салоҳиятини кучайтириш зарур. Иккинчидан, инвестиция натижадорлигини баҳолашнинг анкета, ҳисобот ва интеграл рейтингларга асосланган ягона тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш мақсадида солиқ, лицензиялаш ва ҳуқуқий кафолат механизмларини такомиллаштириш талаб этилади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг қамровини кенгайтириш, уларнинг самарадорлигини мунтазам мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш орқали инвестиция муҳитининг барқарорлигини кучайтириш мумкин. Бундан ташқари, инновация ва илғор технологияларни ривожлантиришга йўналтирилган инвестицияларни стратегик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини шакллантиради [5]. Умуман олганда, мазкур таклифларнинг амалга оширилиши миллий иқтисодиётда инвестиция самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва халқаро рақобатбардошликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 11 | 2025 \ 94 Иқтибослар 1. “Газета.уз”. (2024 йил 18 март). “Ўзбекнефтгаз”га оид материал. URL: https://www.gazeta.uz/ru/2024/03/18/uzbekneftegaz/. 2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. (2023). Ўзбекистоннинг 2023 йил январь–декабрь ойлари бўйича таҳлилий ҳисоботи. 3. Вахобов А.В., Хажибакиев Ш.Х. (2010). Хорижий инвестициялар: ўқув қўлланма. А.В. Вахобовнинг умумий таҳрири остида. – Тошкент: “Молия”. – 338 б. 4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. (2024). 2024 йил январь–май ойлари бўйича статистик ҳисобот. 5. Керзнер Г., Мамонтов Е. (2003). Стратегическое планирование для управления проектами с использованием модели зрелости. – Москва: ДМК. 6. Черновский А.К. (1995). Инвестиционная стратегия в условиях финансового рынка России. Автореферат диссертации на соискание учёной степени к.э.н. – Москва. 7. Махмудов Н.М. (2014). Макроиқтисодий таҳлил ва прогноз қилиш: дарслик. – Тошкент: Фан ва технология. – 315 б.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 11-SON | 2025 \ 95 ИЛМИЙ ТАҚРИЗ Мақола: “Хорижий мамлакатларда инвестицион самарадорликни ошириш бўйича методологик ёндашувлар (АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони, Россия ва бошқалар тажрибаси)”. Муаллиф: Собир Юлдошев, Қарши давлат техника университети,“Таълим сифати назорати бўлими” бошлиғи, фалсафа доктори (PhD). Хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида инвестиция самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган мазкур мақола иқтисодий сиёсат, давлат бошқаруви ва инвестицион жараёнлар ўртасидаги взаимобоглиқликни илмий нуқтаи назардан таҳлил қилар экан, долзарб мавзулардан бирини ёритади. Тадқиқотнинг амалий аҳамияти юқори бўлиб, у нафақат илмий доиралар, балки иқтисодий сиёсат билан шуғулланувчи амалий ташкилотлар учун ҳам қимматли манба вазифасини ўтайди. Мақоланинг кучли жиҳатларидан бири – тадқиқот методологиясининг аниқ белгилаб олинганлиги ва қўлланган қиёсий таҳлил усулининг илмий асосланганлигидир. Муаллиф АҚШ, Норвегия, Саудия Арабистони ва Россиянинг инвестиция сиёсати мисолида давлатнинг иқтисодий жараёнлардаги иштироки, институционал барқарорлик, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва инновацион сармояларни рағбатлантириш моделларини чуқур таҳлил қилган. Бу эса тадқиқотни комплекс, кенг қамровли ва халқаро амалиётга асосланган ҳолга келтиради. Мақолада хорижий тажрибанинг танлаб олинган намунаси (ривожланган, ресурсга бой ва трансформация жараёнидаги мамлакатлар) қиёсий таҳлил учун асосли танлов экани таҳсинга лойиқ. Муаллиф ушбу давлатлардаги иқтисодий моделлар, бозор институтлари ва давлат сиёсати ўртасидаги фарқларни пухта очиб берган. Хусусан, АҚШда бозор механизмларининг устуворлиги, Норвегияда суверен фондлар орқали узоқ муддатли барқарорликка асосланган сиёсат, Саудия Арабистонида диверсификацияга қаратилган “Vision 2030” дастури, Россияда эса давлат иштирокининг юқорилиги ҳақидаги таҳлиллар илмий манбаларга таянган ҳолда асосли ёритилган. Мақолада институционал муҳитнинг инвестиция самарадорлигига таъсири алоҳида илмий-амалий диққат билан ўрганилган бўлиб, муаллиф ҳуқуқий барқарорлик, давлат сиёсатининг прогнози, статистик ҳисоботлар шаффофлиги, молия институтларининг ривожланганлик даражаси каби омилларни аниқ илмий асослар билан баён қилган. Бу каби ёндашув мақоланинг назарий-методологик қийматини сезиларли оширади. Мақоланинг яна бир муҳим жиҳати – Ўзбекистон учун амалий таклиф ва тавсияларнинг ишлаб чиқилганидир. Улар умумий характерда эмас, балки ислоҳотлар жараёнида қўлланилиши мумкин бўлган аниқ йўналишлар сифатида тақдим этилган. Хусусан, институционал асосларни мустаҳкамлаш, инвестиция самарадорлигини баҳолашнинг илмий мезонларини жорий қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, инновацион сармояларни қўллаб-қувватлаш каби таклифлар мамлакатнинг ҳозирги иқтисодий стратегик мақсадларига тўла мос келади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мақола услубий жиҳатдан равон, илмий аппарат тўғри қўлланган, манбалар етарлича қамраб олинган. Муаллиф олиб борган таҳлилларда концептуал яхлитлик ва мантиқий изчиллик сақланган. Тадқиқот натижалари хатолардан холи, якунловчи хулосалар эса умумлаштирилган ҳамда илмий ва амалий нуқтаи назардан асослидир. Мазкур мақола илмий даражада бажарилган, иқтисодий сиёсат ва инвестиция йўналишида тадқиқот ишларини олиб бораётган мутахассислар учун муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Disclaimer © This scientific review has been prepared by the editorial board of the “RESEARCH & DEVELOPMENT” journal and is intended solely for use within the journal’s internal expert evaluation process and editorial activities. This review is protected by copyright law, and its content may not be distributed, reproduced, or used for commercial purposes without the prior permission of the editorial board. The review has been prepared to assess the scientific quality, content, and methodological aspects of the author’s (authors’) work. It does not represent the personal opinion of the author(s) nor should it be interpreted as the official position of the journal. The editorial board bears no responsibility for the implementation, outcomes, or consequences of the recommendations, conclusions, or comments contained in this review. The review is provided to ensure transparency in the editorial process and to maintain quality control over scientific publications.