scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ҲИНДИСТОНДА ЯРАТИЛГАН ФОРСИЙ ИЗОҲЛИ ЛУҒАТЛАР ВА УЛАРДАГИ ТУРКИЙ ЛЕКСИК БИРЛИКЛАР

Махамадалиев Хислатхон Матлабович

Full text

209 ҲИНДИСТОНДА ЯРАТИЛГАН ФОРСИЙ ИЗОҲЛИ ЛУҒАТЛАР ВА УЛАРДАГИ ТУРКИЙ ЛЕКСИК БИРЛИКЛАР Махамадалиев Хислатхон Матлабович, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети филология фанлари номзоди, доцент, [email protected] DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17932684 Аннотация. Мазкур мақолада XIX асрга қадар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар сулоласи даврида Ҳиндистонда яратилган форсий изоҳли луғатлар ва улардаги туркий сўзлар хусусида сўз боради. Шунингдек, мақолада туркий сўзларнинг луғатларга кириш сабаблари кўрсатиб ўтилади ҳамда форсий луғатлардаги туркий сўзлар, асосан, ҳарбий-сиёсий, маиший, этнографик ва табиатга оид соҳаларда кўп учраши борасида фикр юритилади. Калит сўзлар: лексикографик манбалар, изоҳли луғатлар, лексик бирликлар, этимология, термин. Annotation. This article examines Persian explanatory dictionaries compiled in India from the time of Zahiriddin Muhammad Babur and the Mughal dynasty up to the 19th century, focusing on the presence of Turkic words within them. It also discusses the reasons for the inclusion of Turkic lexical items in these dictionaries and notes that such words are most frequently found in the fields of military-political affairs, everyday life, ethnography, and nature. Keywords: lexicographic sources, explanatory dictionaries, lexical units, etymology, terminology. Тил ҳар бир халқнинг тарихини, унинг моддий ва маънавий ҳаётини ўзга ҳалқлар билан ўзаро алоқа ва муносабатларини бевосита акс эттирувчи муҳим ижтимоий ҳодисалардан бири ҳисобланади. Бинобарин, тил жамият билан ажралмас алоқада бўлиб, у билан боғлиқ ҳолда ривожланади, “ўсади”, ўзгаради. Шундай экан, жамиятда юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар авлоддан - авлодга етиб боради. Бу ўзгаришлар, хабару маълумотлар турли тарихий манбалар орқали бизгача етиб келади. Ана шундай тарихий манбалардан бир қисми луғатлар бўлиб, уларда ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларига оид хабарлар, маълумотлар мужассам бўлади, лисоний воситаларда - сўзларда ўз ифодасини топади. Форс тили жаҳон цивилизациясида йирик маданий тиллардан бири ҳисобланади. Бу тилда яратилган адабий, тарихий ва илм-фанга оид асарлар минг йиллар давомида Шарқ халқлари маънавий ҳаётида катта роль ўйнади. Хусусан, Ҳиндистонда XIV–XIX асрларда яратилган форсий луғатлар шарқ тилшунослигида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Бобурийлар сулоласи даврида форс тили расмий ва адабий тил сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаган бўлса-да, бу давр луғатларида туркий тилга оид кўплаб сўз ва атамалар ҳам 210 қайд этилган. Бу ҳолат маданий алоқаларнинг кенглиги, туркий халқлар ва уларнинг давлатчилик анъаналари Ҳиндистон ҳудудида катта таъсир кучига эга бўлганини кўрсатади. Форсий луғатчилик анъаналари IX–X асрларда шакллана бошлади. Илк луғатлар араб тили таъсирида яратилган бўлиб, асосан форсий сўзларнинг маъноларини араб тилида изоҳлашга қаратилган. Тарихий манбаларда Х аср бошларида шоир Абухафси Суғдий ўзининг «Рисолаи Абухафси Суғдий» луғатини яратганлиги қайд этилади [Нуров А., 1987. 4.]. ХI асрдан бошлаб луғат яратиш ишлари анча жонланди, луғатлар тузишга алоҳида эътибор берилди, чунки халқларнинг ўзаро алоқа қилиш эҳтиёжи бир-бирларининг сўзларини тушунишга, сўз маъноларини англашга, ҳаётларини яқиндан билишга ҳамда аждодлар ҳақида муайян маълумотлар олишга ундар эди. Ана шундай табиий ва зарурий эҳтиёжлар туфайли бир қатор икки тилли, изоҳли каби турли йўналишдаги лингвистик луғатлар тасниф этилган. Изоҳли луғатлардан: Асади Тусийнинг «Луғати фурс», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк», Ҳусайни Инжунинг «Фарҳанги Жаҳонгирий», Рой Текчанди Баҳорнинг «Баҳори Ажам», Ҳусайни Вафоийнинг «Фарҳангнома», Абдурашид Таттавийнинг «Фарҳанги Рашидий», Муҳаммад Ғиёсуддиннинг «Ғиёс-уллуғот», Сирожиддин Алихони Орзунинг «Чароғи ҳидоят», Муҳаммад Ризо Хоксорнинг «Мунтаҳаб-ул-луғот», Замахшарийнинг «Муқаддимату-л-адаб», «Сирож-ул-луғот», «Шамс-ул-луғот», «Бадайи-ал-луғат», «Санглох», «Хамса ба халли луғот», «Хулоса-йе Аббоси», «Луғоти атрокийа», «Келурнома» «Алфози жалия фи баёни луғати-т-туркия» ва бошқаларни келтириш мумкин. Бу луғатларда форсий сўзлар маънолари, қўлланилиши ва айрим ҳолларда уларнинг этимологияси ҳам баён этилган. ХIХ асрга қадар жаҳон маданияти тарихида муайян миллатнинг тил бойликларини намойиш этадиган, сўзлар ганжинаси шарҳи ва изоҳларидан иборат бўлган беҳисоб тарихий луғатлар яратилди. Айни луғатлар араб, форс, ҳинд, туркий, румий, лотин тилларига мансуб кўплаб сўз ва ибораларни изоҳлаб беради. Биз учун номаълум сўзларни маълум қилади, тушунилиши қийин бўлган сўзларни тушунтиради. Аниқроғи, бизни сўз оламига олиб киради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар сулоласи вакиллари ўз ватанидан йироқда яшашларига қарамай, она тилларини сақлаб қолиш мақсадида астойдил ҳаракат қилганлар. Бу эса ўз навбатида Ҳиндистонда асосий алоқа қуроли бўлган форс тилига ўз таъсирини ўтказди. Аниқроғи, форс тили таркибига туркий сўз ҳамда терминларнинг кириб келишига сабаб бўлди [А. Алиев, Қ. Содиқов, 1994. 21-26.]. 211 Маълумки, эски ўзбек тилининг Мовароуннаҳр ва Хуросонда шаклланиши ва илдам ривожланиши Темурийлар ҳукмдорлигининг сўнгги даврларига тўғри келади. Бу даврда, яъни XV асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод этган мутафаккир шоир Алишер Навоий эски ўзбек адабий тилининг янада такомиллашуви ва давлат тили даражасига кўтарилишига катта ҳисса қўшганлиги айни ҳақиқат [А. Рустам, К. Хасан, 1991. 12-13.]. Навоий ўзининг асарларида, айниқса «Муҳокамат ул-луғатайн»да туркий тилни форс тили билан қиёслаб, унинг форс тилидан қолишмаслигини, ҳатто, ўрни келганда, унинг устунлигини мисоллар таҳлили асосида кўрсатиб берди. Шу даврда яшаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483 - 1530) ҳам эски ўзбек тилида асарлар яратиб, ўзбек тили ва адабиёти тарихида катта из қолдирди. XVI аср бошларида Бобур Ҳиндистонни забт этди. Туркий халқлар у ерда ўз тили ва маданиятини тарқата бошладилар. Бу эса Ҳиндистонда эски ўзбек тили ва адабиётига бўлган ижобий муносабат юзага келганлигини кўрсатди. Ўша давр ижтимоий ҳаётида форс, араб, ҳинд сўзлари билан бир қаторда туркий сўзлардан ҳам фаол фойдаланиб келинган. Бунга сабаб халқ ҳаётидаги ва ҳарбий ишга оид кўпгина асбоблар, тушунчалар, урф-одатни англатадиган сўзларнинг туркий эканлиги эди. Бобурийлар сулоласи даврида форсий тили расмий ва адабий тил сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бироқ, бу давр луғатларида туркий тилга оид кўплаб сўз ва атамалар ҳам қайд этилган. Бу ҳолат маданий алоқаларнинг кенглиги, туркий халқлар ва уларнинг давлатчилик анъаналари Ҳиндистон ҳудудида катта таъсир кучига эга бўлганини кўрсатади. Бобур Мирзо ва унинг атрофидаги турли тоифага мансуб шахслар, уларнинг авлодлари Ҳиндистонда бундай сўзларни қўллашда фаоллик кўрсатганлар. Натижада туркий сўз ва терминлар Ҳиндистондаги алоқааралашув, яъни халқ тилига сингиб кетган. Бу эса луғатлар тузиш жараёнида туркий сўзларни ҳам инобатга олишни тақозо этарди. Жумладан, мисол тариқасида XVI–XIX асрларда Ҳиндистон форсий луғатчилик марказларидан бирига айланди. Маълумотларга кўра, шу даврда Ҳиндистонда 100 дан зиёд форсий изоҳли луғатлар яратилган. Улар орасида: Рой Текчанди Баҳорнинг “Баҳори Ажам”, Сирожиддин Алихони Орзунинг “Чароғи ҳидоят” ва “Сирожул-луғот”, “Луғоти турки”, Ҳусайни Инжунинг “Фарҳанги Жаҳонгирий”, Муҳаммад Лоднинг “Муайид-ул-фузало”, Муҳаммад Ҳусайнининг “Бурҳони қотеъ”, Муҳаммад Ғиёсуддиннинг “Ғиёс-ул-луғот”, Замахшарийнинг “Муқаддимату-л-адаб”, “Хулоса-и Аббоси”, “Луғот-и атрокийа”, “Анису-лудабо” ва бошқа луғатларни келтириш мумкин. Мазкур луғатлар нафақат 212 тилшунослик, балки адабиётшунослик, тарих, этнография ва маданий мулоқот масалалари учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Бу луғатларда туркий сўзларнинг анча катта қатлами қайд этилгани тиллараро таъсирнинг кучли бўлганини кўрсатади. Масалан, “Гиёс-ул-луғот”да туркий сўзлар, уларнинг маънолари ва қўлланилиш соҳалари махсус ёритилган. Мазкур луғатлар таркибида туркий сўзларнинг миқдори жиҳатидан етакчи ўринни эгаллаган лексикографик манбалардан бири Муҳаммад Ғиёсуддиннинг “Ғиёс-ул-луғот”и ўз даврининг машҳур асари бўлиб, гарчи Ҳиндистонда форс тилида яратилган бўлса-да, унда араб, форс, ҳинд ва юнон сўзлари билан бир қаторда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига тегишли бўлган кўплаб туркий сўзлар ҳам мавжуд (улар 800 га яқин). Муҳаммад Ғиёсуддин ҳақида луғатнинг «қавсий қузаҳ» (камалак) луғат мақоласида маълумотлар келтирилган [Муҳаммад Ғиёсуддин, 1323 (1905). 397.]. Унга кўра Муҳаммад Ғиёсуддин 1786 - 1791 йиллар орасида дунёга келган. Агар у «қавсий қузаҳ» луғат мақоласини ёзган вақтда 36 ёшда бўлса, луғатни 40 - 41 ёшда тузиб бўлган [А.Вахидов, 1975. 5.]. «Ғиёс-уллуғот»даги баъзи туркий сўзларининг «Луғоти турки» ва «Фарҳанги турки» каби манбалардан олинганлигини кўрсатади. В.А.Капрановнинг фикрича “Луғоти турки” аниқ бир луғатнинг номи эканлиги ёки туркий луғатларга нисбатан қўлланилаётганлиги номаълум” [В.А.Капранов, 1987. 151.]. Бу ҳолат туркий ва форсий тиллар ўртасидаги узвий алоқани, айниқса маданий ва тарихий мулоқотни яққол тасдиқлайди. Шу боис туркий қатлам форсий луғатларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Туркий сўзларнинг луғатларга кириш сабаблари: Ҳарбий-сиёсий муҳит – Бобурийлар сулоласи туркий асосга эга бўлиб, ҳарбий ва маъмурий терминлар форсий матнлар орқали кенг тарқалган. Маиший ва этнографик алоқалар – кундалик турмуш, кийим-кечак, таомлар номлари туркий тил орқали луғатларда қайд этилган. Маданий таъсир – туркий халқлар маданияти, адабиёти ва анъаналари форсий муҳит билан уйғунлашган. Форсий изоҳли луғатлардаги туркий лексемаларга мисоллар келтирамиз: 1. "Луғат-и Фирузшоҳий" - XIV асрда тузилган, туркийча сўзлар ҳам учрайди. نوشق (қўшин) – аскарлар тўплами. غُت (туғ) – байроқ, ҳарбий рамз. تروی (юрт) – ватан, макон. قوپق (қопуқ) – пўстлоқ, ташқи қават. 2. "Фарҳанг-и Жаҳонгири" 213 ناموت (туман) – ўн минглик ҳарбий бирлик. یچروق (қўрчи) – подшоҳ муҳофизлари. تیغی (йигит) – жасур, қаҳрамон йигит. یچلیا (элчи) – сафир, элчи. 3. "Бурҳон-и қотеъ"– Муҳаммад Ҳусайн Табризий (XVII аср), унда кўпгина туркий лексемалар изоҳланган. ودرا (орду/орда) – қароргоҳ, сарой. کیب (бек) – амир, ҳукмдор. توا (от) – от. امغی (йўғмо/йиғма) – ғорат, талон. 4. "Фарҳанг-и Рашидий" – Акбаршоҳ ва Жаҳонгир даври (XVII асрда) яратилган, туркий-ҳинд сўзлар билан бойитилган. شوا (ош) – таом, палов. گنُت (тўн) – кийим, чопон. غیا (иғ) – ғазаб. قآ (оқ) – оқ ранг. 5. “Ғиёс-ул-луғот” - Муҳаммад Ғиёсуддин (XIX аср) томонидан яратилган. شمتلا (алтамиш) - ҳарбий юришда олдинда борувчи қисм. گوگ (гöг) – осмон. قادنق (қўндақ) - ёғоч бўлиб унга митиқнинг трубасини ўрнатадилар. نامكرت (туркман) - турк қабиласининг номи. Келтирилган мисоллардан кўринадики, Ҳиндистонда яратилган форсий луғатларда туркий сўзлар асосан ҳарбий-сиёсий, маиший, этнографик ва табиатга оид соҳаларда кўп учрайди. Бу ҳолат туркий халқлар маданияти ва давлатчилик анъаналари форс-ҳинд муҳитига кучли таъсир кўрсатганини тасдиқлайди. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ҳиндистонда яратилган форсий луғатлар нафaқат форсий тилнинг бойиши, балки туркий тиллар таъсирини ўрганишда ҳам муҳим манба ҳисобланади. Туркий сўзларнинг луғатларда қайд этилиши уларнинг кенг қўлланилганини, туркий халқлар маданияти ва давлатчилик тизими Бобурийлар давлати ҳаётида алоҳида ўрин тутганини кўрсатади. Айниқса, Бобурийлар даврида форс тили расмий ва адабий тил сифатида ривожланган, бироқ шу билан бирга туркий (асосан, чиғатой ва туркман) сўзлар ҳам форсий луғатларга киритилган. Бу ҳолат маданий ва тиллараро алоқаларнинг кучли бўлганидан далолат беради. Шу боис туркий қатлам форсий луғатларнинг муҳим қисми ҳисобланади. 214 Фойдаланилган адабиётлар: 1. Нуров А. Ғиёс-ул-луғот. -Душанбе: Адиб, жилди I., 1987. -372 б. 2. Алиев А., Содиқов Қ. Ўзбек адабий тили тарихидан. - Т.: Ўзбекистон, 1994. -122 б. 3. А. Рустам, К..Хасан. Ҳусайн Бойқаро. Рисола. - Т.: Шарқ, 1991. – 23 б. 4. Муҳаммад Ғиёсуддин. Ғиёс-ул-луғот, - Конпур, 1323 (1905), - 626 б. 5. А.Вахидов. Структурно-семантическая характеристика лексики в «Ғиёс-ул-луғот», Автореф. дисс... канд. филол. наук. - Душанбе, 1975. -33 стр. 6. Капранов В.А.. Таджикско-персидская лексикография в Индии XVI-XIX вв., -Душанбе, 1987. -221 стр.