ҲАЁТ ВА ХАЁЛ УЙҒУНЛИГИ
Abstract
ҲАЁТ ВА ХАЁЛ УЙҒУНЛИГИ
Full text
31 ҲАЁТ ВА ХАЁЛ УЙҒУНЛИГИ Араб адибаси Маҳа Муҳаммад ал-Файсалнинг “Тавба ва Сулайё” романи ҳақида THE HARMONY OF LIFE AND IMAGINATION On the novel “Tawba and Sulayya” by the Arab writer Maha Muhammad al-Faysal ГАРМОНИЯ ЖИЗНИ И ВООБРАЖЕНИЯ О романе «Тауба и Сулейя» арабской писательницы Маха Мухаммад аль-Файсал Баҳодир Карим, филология фанлари доктори, профессор Annotatsiya. Mazkur maqolada zamonaviy arab adabiyotining yorqin namunasiga aylangan Maħa Muhammad al-Faysalning “Tavba va Sulayyo” romani poetik, falsafiy va badiiy jihatdan tahlil qilinadi. Asarda roman janrining madaniyatlararo muloqotdagi o‘rni, inson va borliq munosabatlari, gunoh va savob, tush va reallik kabi qarama-qarshi tushunchalarning badiiy ifodasi yoritiladi. Muallif roman voqeligini romantik, realistik va modernistik adabiy metodlar uyg‘unligida yaratgan bo‘lib, bosh qahramon Foris obrazi orqali insoniy o‘zlikni anglash, ichki kechinmalar va axloqiy mas’uliyat masalalarini ochib beradi. Tadqiqot davomida tush hodisasining syujet va poetik funksiyasi, ayol yozuvchi tomonidan erkak roviy tanlanishining estetik ahamiyati ham ilmiy nuqtayi nazardan baholanadi. Kalit so‘zlar: arab romani, zamonaviy adabiyot, poetik tafakkur, tush motivi, gunoh va savob, badiiy metod, Foris obrazi, madaniyatlararo adabiyot. Abstract. This article analyzes the novel “Tawba and Sulayyo” by the contemporary Arab writer Maḥa Muḥammad al-Faysal from poetic, philosophical, and literary perspectives. The study highlights the role of the novel as a means of intercultural dialogue and examines the artistic representation of human existence, moral responsibility, sin and redemption, as well as the intersection of dream and reality. The author skillfully combines romantic, realistic, and modernist literary methods, revealing her poetic worldview through the image of the protagonist, Faris. Special attention is given to the dream motif as a key narrative and poetic element, as well as to the aesthetic significance of a female author employing a male narrator. The novel is interpreted as a reflection of the writer’s creative vision and ethical philosophy. Keywords: Arabic novel, contemporary literature, poetic worldview, dream motif, sin and redemption, literary method, Faris character, intercultural literature KIRISH Дунё халқлари ўз адабиёти тарихидаги муҳташам бадиий асарлар билан ғурурланишади. Дунёга машҳур араб романларининг довруғи ҳам Ўзбекисон адабий муҳитига кириб келганига бир аср бўлди. Бу йиллар давомида ўзбек китобхонлари жаҳон адабиётидан таржима қилинган кўплаб романлар, қисса ва ҳикоялар, шеърий ва драматик асарларни ўқиди, завқланди; бошқа халқлар маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одамлари ва ҳис-туйғулари билан танишди.
32 Роман жанри фақатгина бошқа бир миллатнинг маърифий-маданий ҳаёти билан таништириш миссиясини бажармайди, балки романнависнинг дунёқарашини, поэтик тафаккури тарзини, тасаввури кўлами ва қувватни ҳам ўзида намоён этади. Шу эътибордан араб адибаси Маҳа Муҳаммад ал Файсалнинг “Тавба ва Сулайё” романидаги воқелик муаллифнинг борлиғидан, адабий қисматидан дарак беради. Бевосита асарнинг ўзига келаман. Нисбатан мураккаб услубда ёзилган бу романда бир қанча адабий ижодий методлар романтик, реалистик ва модернистик оқимга хос хусусиятлар уйғунлашади. Умуман асар ҳаёт ва хаёлнинг ўзаро кесишган нуқтасида пайдо бўлгандек таассурот қолдиради. Хўш, ким ҳам тушига ишониб, ўз турмуш тарзига таҳрирлар киритади? Ким ҳам ўғирланган битта кўйлак ва унинг чўнтагидаги китобча учун мусофирчиликда сарсон-саргардон кезади? Романни бошдан-охир ўқиган ўқувчи бу саволлар романнинг бош қаҳрамони Форисга тегишли эканини англайди. Дарҳақиқат, роман воқелиги Форис теграсида содир бўлади. Аниқроғи адиба ўз поэтик концепцияси - инсонга, борлиққа, табиатга муносабатини Фориснинг сафарлари, саргузаштлари, инсонлараро мулоқотлари, бир-бири билан қолипланган ва асосий сюжет ичига киритилган ҳикоят ва “қисса”лар воситасида баён қилади. Роман туш ҳодисаси билан бошланади. Ранг ва туси, мантиқ ва мантиқсизлиги, рост ёки ёлғонлиги қандай бўлишидан қатъи назар ҳар қандай инсон ҳар уйқусида кўрадиган сирли бир реалликдир. Туш ҳодисаси бадиий ижодда жуда муҳим поэтик функцияни бажаради. Тушида кўрилган қандайдир унсур бутун асар сюжетига сочилади. Шунга кўра роман ухлаётган қаҳрамонига тушида ҳамсуҳбат бўлган кимсанинг “Сен ўзинг қилган гуноҳларингдан қўрқсанг, яхши бўларди”, деган гапидан уйғониб кетади. Айнан гуноҳ ва савоб, яхшилик ва ёмонлик каби ўзаро зиддиятли тушунчалар романдаги жуда муҳим атрибутлар сирасига киради. Муаллиф аёл ёзувчи, аммо баён этувчи ровий эркак киши – Форис. Бундай вазиятлар аёл ёзувчининг эркак тилидан ёки баён усулида эркак ёзувчининг аёл тилидан фойдаланиши усули дунё адабиётида мавжуд адабий ҳодиса, албатта. Романнинг ровийси ёш йигит. У уйланмоқчи. Никоҳи ўқилган, келин билан суҳбатлашади ва ўз жуфти ҳалоли тўғрисида “Хотинимнинг гапларига қулоқ солар эканман, дунёдаги энг аҳмоқ аёл билан турмуш қурганимни англадим”, деган гапни айтади. Сабр қилишга чоғланади. Бунда Форис ўзини, ўзлигини англаган инсон образи сифатида кўринади. Чунки сабри қилган гуноҳлари учун каффорат бўлишини ўйлайди. Орадан йиллар ўтади, олти йилда аёли тўртта фарзанд туғади. Воқеликни баён қилаётган қаҳрамон ўз болаларида ҳам аҳмоқлик аломатларини кўради, сезади. Унинг хаёлида қилинган гуноҳлар, уларни ювиш ва савобга етишиш орзуси бор: “Мен буларнинг барчасини Оллоҳ ҳузурида гуноҳларимни ювадиган савоб ўрнига ўтади, деб ҳисоблардим”. Роман қаҳрамони Форис уйланганига ўн етти йил тўлганидан эски тушини қайта кўради ва у қайтмайдиган бўлиб уйидан чиқиб кетади. Кўнглига яқин инсонни излаб йўлга чиқади. Мурод исмли бир кишининг “ал-Ато” кемасига тушиб, ўзи хоҳлаган жойига бориши мумкинлигидан маслаҳат беради. Муродни
33 топиб, унга ўзини таништиради. Бир қанча саҳифалардан кейин, шу эпизодда ўқувчи ушбу романда бошидан кечирганларини баён қилаётган образнинг исмшарифлари “Форис Ол Раҳвон” эканини билиб олади. “Форис” исми “отлиқ”, “чавандоз” маъносини англатади. Кема дарғаси Мурод “Тулпоринг қани, эй чавандоз” дея унинг исми маъносидан кулади, калака қилади. Фориснинг жаҳли чиқади. Орада кўнгилсиз тортишувлар бўлади. Форис Муродга жароҳат етказади. Бир қиз Муроднинг ёнини олади. Кема ва ундагиларни ташлаб кетмоқчи бўлганида орада ҳеч гап бўлмагандек Мурод уни ўзи билан олиб кетмоқчи эканини айтади. Кема денгизга чиқишида Қуръони каримдан бир оят келтирилади “Уларнинг юриши ҳам, туриши ҳам Оллоҳнинг номи билан бўлур” (Ҳуд сураси, 41-оят). Роман тўқимасининг бир қанча ўринларида оятлар келтирилади. Асар кема воситасида яна бир муҳим образга кўпаяди. У Муроднинг жорияси - Сулайё. Кема ташқи кўринишидан содда, нисбатан кичик, аммо унда Сулайё учун махсус хона бор. Форис ўша хонани кўриб, унинг безатилиши, кўркамлигига қараб ҳайратдан донг қотади. У жойга осилган нақшинкор гиламларни Сулайё тўқиган. Манзарада ғамгинлик кайфияти акс этади. Кеманинг айни хонасидаги сирлар, қушлар, гиламлар – умуман кўзга ташланган ҳар қандай жиҳоз ўзига хос жозибага эга. Форис бу жозиба сирини билишга қизиқади. У жойда бешта китобчани кўради. Улардан энг чиройлисини, қизил ранг билан безатилган китобни қўлига олади. Ундан муаттар ҳид таралади ва китобни ўқий бошлайди. Романда қўлланган китоб детали Форис саргузашт ва сафарлари учун асос вазифасини ўтайди. Романнинг сюжети ва композицион қурилишида Форис чизиғи асосий, албатта. Аммо жуда кўп ғалати ва ғаройиб ҳодисалар шу асосий сюжет чизиғига келиб уланади. Уларнинг кўпчилиги қайта баён услубидаги махсус ҳикоят ёки “қисса”лардан иборат. Баъзида бу ёнлама сюжет ҳодисалари ечимига етмай ҳам қолади. Атай етказилмайди. Бундай жумбоқли эпизодлар ўқувчини фикр одамига айлантиради. Аслида бу роман секин, шошилмай, ўйлаб, мулоҳаза қилиб, сюжет чизиқларини бир-бирига боғлаб, сочилиб ётган атиргулларни гулчамбар ҳолатига келтириб, ора-орада атиргуллар ҳикояларини мароқ билан тинглаб, хотиржам ўқиладиган романлар сирасига киради. Китобда бир хонадон ва у хонадонда туғилган Сора исмли қизнинг диди, фаҳми, гиламларга, гулларга муфтунлиги баёни бор. Романдаги асосий воқеликнинг ички доирасига Форис қўлига олган қизил китобчадаги Соранинг кайфияти, сўнгра Сора яхши кўрган гулнинг ҳикояси яна бир қатлам-доира ўлароқ киритилади. Роман структурасидаги бу қатламлар асрори ва жозибасини англаш учун ўқувчи диққатини жамлаши, хушёр бўлиши лозим. Такрор айтаманки, роман шунчаки ўқилмайди, уни эътибор бериб, айрим саҳифаларини такрор ўқимоқ керак. Тасвирдаги, ҳикоя баёнидаги нуқтаи назар инсонда нарсага, аниқроғи, гулга кўчади. Гул тилга кириб, сўзлай бошлайди. Гул ҳид билиш ҳиссини йўқотган киши қиссасини гапириб беришдан олдин “фақат ўзини севган шоҳ” тўғрисидаги ҳикоятни сўзлайди. Форис, қизил китобча, Гул ёки Шоҳ ҳикояти –
34 ичма-ич ва ўзаро ғалати жойланиб боғланган ҳодисаларни уқиб олишда чалғимаслик лозим. Бу романда ҳамма нарса худди одамдек сўзлаши ва воқеалари барча замонда содир бўлиши мумкин. Шу эътибордан чексизлик хусусияти эга бу романниинги матний тўқимаси ҳамма нарсани – борлиқ ва йўқликни, замон ва ўтмишни, ҳақиқат ва ривоятни ўз ичига сиғдира олади. Шоҳ ҳикоятида у гулларни узиб, сочиб, ўз кўнгилхушлиги учун пайҳон қилганидан сўз очилади. Охири Райҳона бир йўлини топиб, подшоҳнинг муҳаббатга дуч келиши ва ўз маъшуқасига бир дона атиргул совға қилиши масаласини ўртага қўяди. Ноинсофга инсоф, жоҳилга билим, золимга адолат муҳим. Пайҳонкор подшоҳ инсофга келиши учун муҳаббат дардига мубтало қилинади ва атиргулга зарурат туғилади. Гул излашга тушади. Хорлик абадий эмас. Мансаблар ўткинчи. Таъмасиз одам азиз бўлади. Хор бўлган одам ёки нарса вақти келиб азиз бўлиши мумкин. Дунё шундай чархпалак; дунё шундай чикка ва пикка, пикка ва чикка. Айланади, дўнади, ўзгаради. Дунё шундай - йўқотиш, излаш ва топишлардан, пайдо ва ғойиблардан иборат. “Ҳикоя шу ерга етганда уни кейинроқ давом эттириш учун Сорадан изн сўрадим. Менга жавоб бериб улгурмасдан гиламнинг тўқималари ичига чиройли суратда сукунат-ла жойлашдим”. Ҳикоя сўзлагувчи гул шу зайлда ўз ҳикоясини охирига етказмасдан гиламдаги гуллар ичига кириб ғойиб бўлади. Бундай ҳолатларини ҳам хаёлот уммонига шўнғиган ўқувчи табиий қабул қилиши лозим. “Тавба ва Сулайё” - бу идрок романи, ўқувчи фаҳм-фаросатини, эслаб қолиш қобилиятини, тафаккур кўламини, нуқтаи назари ва ҳатто китоб ўқиш маданиятини имтиҳондан ўтказадиган асарга ўхшаб кўринади. Бу романни ўқиган одам беихтиёр тушлар йўриғи, инсон сабри, ваъдаси, гуноҳ ва савоби, табиатга муносабат - гуллар эъзозитўғрисида ўйлай бошлайди. Хўш, ҳаётда тикандан кийим кийиб олган қиз бўладими? Ўз севгилиси Райҳона ва унга гул излаётган подшо олдидан тикандан кийим кийган қиз пайдо бўлади. Тикандан кийим кийган қиз ҳикоятида унинг тақдири баён этилади. Бу каби ёндош воқеликлар адиба илгари сураётган асосий бадиий ғояни юзага чиқариш учун зарур, албатта. Аслида, романнинг бош ғоясини, тўғриси, фикр юритиб излаш лозим. Эзгулик, гуноҳдан фориғ бўлиш, тавба қилиш – адиба шундай умуминсоний қадриятларга урғу бермоқчи бўлади. Бошқа бир ўқувчи чиқарадиган хулоса, албатта, бошқача бўлиши ҳам мумкин. Кўп талқинларга асос бўладиган асарлар – булар яхши асар саналади. Романда ҳалиги ғалати тикандан кийим кийиб олган қиз қудуқдан тортиб олган дурларни манглайига жойлаштиради. Дурлар қуёш нурлари билан бирлашади. Тиканлар тўкилади, ўрнида атигулдан кийим пайдо бўлади. Кўзлари кўрмай қолган қиз энди най овози келган томонга боради. Романда най чалаётган чўпон йигит билан басир қиз ёнма-ён тавсифланади. Энг муҳими, ғаройиб кийимадаги қиз ўз қилган айрим ишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилади. Ўз дугонаси Нуронга ҳасад туфайли ёмонлик қилганини эслайди, тан олади. Аввал тиканларга, сўнгра атиргулларга бурканга қиз ўз ҳикоясини бошлайди. Яъни у ўз дугонаси Нурон билан муносабатлари баёнига ўтади.
35 Романда шарқ эртакларига хос ғаройиб, кутилмаган кечинмалар бор. Баёни ҳам баъзан шунга мос: “Улар узоқ юрдилар. Соялар бекасини излаб, улкан тоғлардан, чуқур водийлардан, дашту биёбонлардан ўтдилар. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юрдилар”. Қиз чўпон билан бирга охири Соялар бекаси ҳузурига боради. Соялар бекаси қилаётган иш ҳам ғалати ва тасвири ўта нафис: “Соялар бекаси дастгоҳда бир нур ипи билан бир соя ипини қўшиб тўқир, бармоқлари жуда енгил ва маҳорат билан ҳаракат қилар эди. Тўқиган нарсаси яхлит мужассамликни ташкил этарди-да, сўнг ҳавода туман каби тарқалиб кетар эди” (32 бет). Романнинг ана шундай тасвирларида адиба нигоҳининг жуда нафислиги сезилади ва бу каби манзаралар асарга лирик пафос бағишлайди. Бундай ўринларда таржимон ўша нафосатни ҳис этиб, ўзбек тилига маҳорат билан ўгиганига ҳам таҳсин айтиш лозим бўлади. Гул Сорага ҳикоя айтишда давом этади. Энди қиз билан чўпон Овозлар бекаси ҳузурига йўл олишади. Овозлар бекаси уларни қудуққа олиб тушади. Худди эртаклардагидек қудуқдан табиатдаги ҳамма нарсанинг овози эшитилади. Бошқа бир чуқурроқ қудуқда “инсоният яратилганидан буён мавжуд бўлган одамларнинг овози бор” . Инсониятнинг сўзлари, саслари, овозлари - улар чексиз, бепоён; улар кўламини тасаввур қилиш осон эмас. Аммо ёзувчи ўз фантазияси билан шундай ғалати овозлар йиғиндисига ўқувчини ишонтиради. Овозлар бекаси қиз билан чўпонга сукут сақлайдиган чол қиссасини сўзлайди. Энг қизиғи, Овозлар бекаси бу “қисса”ни айтиб беришдан мақсад нима эканини қиз ҳам, чўпон ҳам тушунмайди. Атиргулдан воқеани тинглаётган Сора ҳам тушунмайди. Шундан кейин чўпон билан қиз қалин дарахтзорга боради, у ердан кета олмай қолишади. Осмондан момоқалдироққа ўхшаган овоз келиб дарахт санашлари кераклигини айтади. Санашади, адоғига етиб бўлмайди. Қиз бунда ўзини айбдор санайди. Айб, тақдир, гуноҳ, савоб, покланиш каби тушунчаларнинг бадиий муҳокамаси давом этади. Қизиқ, бу муҳокамалар негизида ўз қилмишидан пушаймонлик - тавба тушунчаси ҳам бор. Ўқиш жараёнида роман сарлавҳасидаги Сулайё исми ойдинлашади, аммо Тавба ҳам махсус образ экани кейинроқ маълум бўлади. Қиз ва чўпон ғаройиб ҳодисаларга учрайди. Аслида турли услубий-ижодий усуллар уйғунлашган бу фусункор романда, унинг қаҳрамонлари ҳаётида ҳар қандай ҳодиса бўлиши табиийдек туюлади. Муҳими истеъдоднинг кучи, қаламнинг ишонтириш қуввати ва табиий баён усули, албатта. Романнинг бир саҳифасида икки қаҳрамон бамисоли кароматли одамдек сув устидан юриб кетишади бемалол. “Дарёдан ўтиш учун Оллоҳдан мадад сўраб, сув устидан юриб кетишди” (37 бет). Улар дарёдан ўтиб бир водийга боради. У ерда маймун тегирмон тортиб ўтирган бўлади. Маймун - Тегирмон соҳиби. Улар орасида суҳбат бўлади. Сўнгра чўпон билан қиз Тарозилар соҳибини излаши керак бўлади. Маймундан ёрдам сўрашганида, “Маймун кафтини очиб, бир пуфлади. Ундан кичкина бир қушча учиб чиқди” (39-бет). Эртакларга сюжетига хос бундай ҳоллар изидан ўқувчи қаҳрамонларга эргашиб, биргаликда Тарозилар соҳибини топишади. “Саботул ожизин” асари муаллифи Сўфи Оллоёр
36 ҳазратлари: “Тарози борлиғига иқроримиз бор, Нечук эрканила не коримиз бор”, дейди. Тарозининг вазифаси тортиш; мезон - жуда муҳим тушунча. Инсонларнинг бор амаллари иймон тарозисида тортилади. Инсон зоти бу оламдан истиқомат қилинар экан, ҳар бир амали тарозида тортилишига бутун вужуди билан иймон келтирмоғи лозим. Мезонни асло унутиш мумкин эмас. Тарози соҳиби айтади: “Мен замон ва вақт ўлчовини топдим, узунлик ўлчовини топдим. Ҳиссиётлар ва ёқтиришлар, лаззатлар ва қайғу-аламлар ўлчовини топдим. Шунингдек, чуқурлик, узоқлик ва яқинлик, баландлик ва оғирлик, ўйлар ва орзулар, хоҳишлар ва қўрқинчлар ўлчовини топдим”. Ҳақиқатан ҳам, дунёдаги ҳамма нарсанинг ўлчови бор, уларни “тарози”га солиш мумкиндир. Аммо Тарозилар соҳиби иккита нарсани ўлчашда ожиз. “Бироқ, афсуски, икки нарсанинг – иймон ва муҳаббатнинг ўлчовини топа олмадим”, дейди Тарозилар соҳиби надомат билан. “Имон ва муҳаббат билинади, лекин ўлчанмайди” – инсон фитрати маънавий таянчи бўлган бундай бебаҳо жавҳар хусусида фикр юритиш ҳам одамга мароқ бағишлайди. Тарозилар соҳибига Тегирмон соҳиби бериб юборган жавоҳир солинган халтачани берилади. Тарозилар соҳиби уларни сўз бўстонига бошлайди. Қиз сўз бўстонида гўзалликка дуч келади, кўзи очилади, сўнгра жон беради. Тарозилар соҳиби чўпон билан бирга жавҳарларни экишади. Ундан дуо, яхши сўз униб чиқиши керак. Тарозилар соҳиби: “Бу яхши сўз, бу хайрли дуо, бу эшитилган ҳикмат, муштоқнинг оҳи, бу тавба қилувчининг ноласи...” (42-бет). Дарҳақиқат, сўзнинг сифатлари, таъсир қуввати шундай. Сўзнинг таржимаи ҳоли ва ҳаёт йўли бор. Сўзнинг сафарлари, сафарларда хатарлари ва қувончлари бор. Шу эътибордан араб адибасининг сўзи муҳтарам таржимонимиз Мутразо Сайдумаров қалами воситасида бизнинг мамлакатга сафар қилди... Дарҳақиқат, Форис Сулайёнинг қизил китобидан жуда кўп нарсани ўқиб, билиб олади. Форис нигоҳи билан ўша китобдаги воқеликдан ўқувчи ҳам воқиф бўлади. Китоб ичида китоб, воқеа ичида воқеа – бундай баён усул адабиётшунослик илмида қолиплаш санъати дейилади. Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони, арабларнинг машҳур “Минг бир кеча” асари сюжет ва композициясси шу санъати асосига қурилгани барчага маълум... Қароқчиларга таланган Форис кўйлагидан, унинг чўнтагидаги Сулайё хонасидан олган китобидан ажралади. Энди Фориснинг изланишлари, изтироблари, саргузаштлари бошланади. Кичкина бир шаҳарчада Форис ўз кўйлаги ва Сулайёнинг китобини излаши керак. Заргар билан суҳбатлашди; кийим ва китоб бозорини суриштиради. Романда Саад ал Модий исмли денгизга қараб, сукут сақлаб ўтирадиган бир қария образи ҳам бор. У шаҳар чеккасидаги қасрда яшайди. Форис унинг зиёратига боради. Тўғриси, романдаги кўп нарсалар сирли, кутилмаган бўлиб, баъзан ҳаётий мантиққа бўйсунмайди. Аммо бадиий мантиқ ҳамиша ҳар жойда ҳар қандай шароитда поэтик сўзни қўллаб қувватлайди. Бадиий адабиётнинг шундай чексиз чегаралари ҳам бор. Роман тез ўқилмайди. Ундаги рамзларни тушуниш учун секин, тафаккур ва тадаббур билан, ички ва ташқи ипларини топиб, уларни асосий ҳодисага,
37 қолипловчи сюжетга боғлаш лозим. Адибанинг бадиий ғоясини тушуниш ва уни тушунтириш учун ҳам аста-секин мулоҳаза юритиш зарур. Саад ал Модий қасри. Бағоят гўзал қаср. Унда тўқсон ёшли бир аёл яшайди. Қаср эгаси бўлган бу образнинг ҳам бошидан кечирган “қисса” бор. Ҳур бўлган, қароқчилар сотиб юборган. Энг қизиғи Форис бошидан ўтганларни унга сўзлайди, атиргул қиссасининг бир жойини эсидан чиқаради, Хоним давом эттиради. Сааднинг ҳам ўз қиссаси бор. Роман инсонлар тақири ва тариидан убунёд бўлади. Унда ишқий саргузаштлар, висол ва айрилиқ, орзу ва армон ёнмаён келади. Форис мажнун бўлган Сааднинг, Хонимнинг, қароқчи бўлган Суффоннинг бошидан кечирганларини эшитади. Романдаги ҳар бир образ тарихида ана шундай “қисса”лар келади. Дейлик Суффондан Форис александириялик қиссасини – туши, қаср, қизни кўриши, қиз кафтидаги ёзув, унинг ғойиб бўлиши ва уни излаши каби воқеаларни эшитади. Асосий образ - Форис. Фориснинг йўлга чиқиши, саргузаштлари, турли ҳодиса ва одамларга дуч келишлари, ёзувчининг шу жараёнларни тасвирлашлари, гилам ва ундаги гулларнинг тирилиши, атиргулнинг ҳикоялар сўзлаши - булар қизиқарли, мароқли. Булар шарқона поэтик мотивларнинг замонавий талқини саналади. Бири иккинчисининг иккинчиси учинчисининг ичкарисига жойланган ҳодисавий қурилиш романнинг индивидуал табиатини таъминлайди. Форис излаётган китобини қароқчи Суффон билан сафарда топади. Улардан ажралиб, Форис туя сотиб олиб ўз йўлига кетади. Дуо қилиб, ўликлар орасида ўтирган йигитга дуч келади. Унинг қиличида “Ушбу қилични кўтариб юрувчи Тавба ибн Али ас Солимийга доим иззат бўлсин” деган ёзув бўлади. Қилич ана шу Тавба исмли йигитга тегишли бўлади. Романда жуда кам иштирок этган, аммо тақводор Тавбанинг исми саравҳага чиқарилади. Унинг ҳам ўз сири бор. Асар номидаги Тавба воқеликда Сулайё билан учрашмади. Улар Форис орқали боғланишади. Ҳар бирининг алоҳида тарихи, тақдири бор. Форис ҳаёт йўлида кўп нарсалар дуч келади. Қароқчиларга уқўлида қулга айланади , қочади. “Салвон” деган масжидга боради. Масжид уни ққурдирган одам - Салвон исм билан юритилади. Салвоннинг ҳам “қисса”си бор. Охирида улкан савдогарга айланган Форис яна ал Ато кемаси ва унинг эгаси Мурод билан учрашади. Сулайё ёнига олиб киради. Китобни ўша жойдан топади. Гилам тўқишда давом этади. Фориснинг сафарларини, китоб излашларини ўзликни излаш сифатида баҳолайди. Ҳар бир нарса, ҳар бир тирик жон ўз аслига қайтади. Форис излаётган китобни “ўғирлаб” олган жойидан топади. Воқелик баёни шундай доира шаклини олади. Аммо роман бу билан тугамайди.Бу доирадн чиқладиган эшик – яна бир “қисса” эпизод бор. Яъни Форис Тавбанинг ёнига кетади. Унинг “қисса”сини эшитади. Аслида бош қаҳрамон сифатида талқин қилинаётшан Фориснинг Тавба ҳузурига кетишида ҳам рамзий маъно бор. Ибодат этиб, ўнгу сўлига салом берган Тавба жон таслим қилади. Хоразмлик ўзбек шоири Фозил Зоҳид: “Ёмон кундир намоз қазо бўлган кун,
38 Ундан яхши намоз ўқиб ўлган кун”, деб ибодат қадрини баён қилади. Бу оламга келган заҳоти қулоғига азон айтилган, ўлганида жаноза намозидан умидвор одам ибодатда қойим бўлмоғи лозим. Гуноҳи бўлса, тавба қилиши керак. Роман ҳодисаларининг барчаси ранг-баранг вазиятлар, турлича макон ва замондаги кайфиятлар негизида Форис образи туради. Форис ўз қилмишидан афсус тортади. Сўрамасдан олган китоб учун изтироб чекади. Охири кемага қайтади, мммо адиба фантазиясини ишга солиб, ўқувчи кутмаган ечимларни тақдим этади. Шартлилик бадиий адабиётнинг доимий йўлдоши. Романда кутилмаган шартлар бор. Оддий бир шартни эслаймиз. Форис Тавбадан бир қисса эшитмоқчи, Тавба сўзлаб бериши мумкин, аммо шарти бор - унинг ёнида бир умрга қолиши керак. Маҳа Муҳаммад ал-Файсалнинг ушбу “Тавба ва Сулайё” романида ўқувчи диққат-эътиборини тортадиган ва эсида сақланиб қоладиган “Гавҳар ҳатто лойга қорилган бўлса ҳам гавҳарлигича қолади. Чанг баланд осмонда учса ҳам чанглигича қолади”, “Қуръон нақадар гўзалдир ва нақадар мукаммалдир!”, “Одамларни ўлдирадилару, лекин унинг хотирасини ўлдиролмайдилар”, “Мен бу қора тунларни ёритиб турувчи номи билан қасам ичиб айтаманки, мени замонларнинг ўтиши ташвишга солмайди, чунки у ўткинчи кунлар, ушалмас орзулар ва қарийдиган таналардан бошқа нарса эмас” каби ҳикматлар учрайди. Булар ора-орада ровий ёки унинг қаҳрамонлари тилидан берилади. Роман мураккаб сюжетли, мураккаб композицион қурилишга эга. Романни шунчаки кўз югиртириб ўқиб бўлмайди. Турли инсонларнинг тақдири битта Фориснинг ровийлиги воситасида берилади. Форис туш кўриб, ўз уйидан чиқиб кетиши, кемадан китобни сўроқсиз олиши, қарқочиларга йўлиқиши, излаши ва изланиши - ҳаммаси Форис ва китоб билан боғланади. Романда лирик пафосли тасвирлар, ҳаяжонли саҳифалари бор. Сюжет занжири бири иккинчисини тақазо қилади, бири иккинчисининг ичкарисига сингдирилади. Салвон ва Роҳ, Абдулла ва Рубоба алоҳида ҳодиса. Фориснинг маҳкумлиги, қароқчилар билан сафарга чиқишлари булар алоҳида ҳодиса. Аммо хаёл ва ҳаёт уйғунлигида майдонга келган тушунчалар, тўйғулар, тасаввурлар, воқеа-ҳодисалар баёни роман яхлитлигини таъминлайди. Китоб излаётган Форис аслида ўзини, ўзилигини, “мен”ини излаётган инсон образидир. Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, бу асар замонавий араб романи табиатини тасаввур қилишга ёрдам беради. Иккинчидан, Қуръони каримдан оятлар келтирилиш мусулмон бир халқ адабиёти табиатидан дарак беради. Тавба каби образларнинг дуогўйлиги, сабр-бардоши, кўнгил назокати, зоҳидлиги, мардлиги - булар барчаси романни ўқиш жараёнида тасаввур қилинади. Учинчидан, романда инсон ҳаётидаги жуда мураккаб ва чигал ҳодисаларниинг маҳорат билан берилиши, изланаётган асосий образ ўқувчи тафаккурини ўзилигини излаш томн йўналтиради. Замонавий араб адабиёти намояндаси Маҳа Муҳаммад ал-Файсалнинг “Тавба ва Сулайё” романи аслиятдан ўзбек тилига таржима қилган заҳматкаш таржимонимиз Мутразо Сайдумаровга ташаккур айтамиз.
39 Foydalanilgan adabiyotlar: 1. Maḥa Muḥammad al-Faysal.Tawba wa Sulayyo. Beirut: Dar al-Adab, 2018. 2. Bakhtin, M. The Dialogic Imagination: Four Essays. Austin: University of Texas Press, 1981. 3. Eagleton, Terry. Literary Theory: An Introduction. Oxford: Blackwell Publishing, 1996. 4. Goldmann, Lucien. The Sociology of Literature. London: Tavistock Publications, 1975. 5. Muhammad Siddiq. Arab Culture and the Novel. Cambridge: Cambridge University Press, 2007. 6. . ،ةعيلطلا راد :توريب .يشيبارط جروج :ةمجرت ملاحلأا ريسفت1987 . مغيس ،دیورف دنو