ТОҒ ДОВОНЛАРИДА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УЛАРНИНГ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА ИДОРАЛАРАРО МУВОФИҚЛАШТИРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ (Қамчиқ довони мисолида)
Abstract
Тезисда тоғ довонларида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ёритилган. Қамчиқ довони мисолида 2020–2025 йилларда содир бўлган фавқулодда вазиятлар таҳлил қилиниб, уларнинг оқибатлари кўп ҳолларда идоралараро мувофиқлаштириш даражаси билан боғлиқ экани асосланади. Илмий ва амалий жиҳатдан мувофиқлаштиришни институционал, ахборотли ва функционал элементларни интеграциялаш орқали такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб берилади.
Full text
newjournal.org zenodo.org 1 ТОҒ ДОВОНЛАРИДА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УЛАРНИНГ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА ИДОРАЛАРАРО МУВОФИҚЛАШТИРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ (Қамчиқ довони мисолида) Тўраев Зафаржон Турсунпўлатович Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи директори, Тошкент давлат техника университети мустақил изланувчиси Аннотация Тезисда тоғ довонларида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ёритилган. Қамчиқ довони мисолида 2020–2025 йилларда содир бўлган фавқулодда вазиятлар таҳлил қилиниб, уларнинг оқибатлари кўп ҳолларда идоралараро мувофиқлаштириш даражаси билан боғлиқ экани асосланади. Илмий ва амалий жиҳатдан мувофиқлаштиришни институционал, ахборотли ва функционал элементларни интеграциялаш орқали такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб берилади. Калит сўзлар: тоғ довонлари, фавқулодда вазиятлар, мувофиқлаштириш, хавфни баҳолаш, Қамчиқ довони, идоралараро ҳамкорлик. Асосий мазмун Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, транспорт оқимининг жадал ўсиши ва инфратузилманинг тоғли ҳудудларга кенгайиши натижасида фавқулодда вазиятлар хавфи сезиларли даражада ошмоқда. Айниқса, тоғ довонлари табиий-географик мураккаблиги, сейсмик фаоллиги ҳамда сел, кўчки ва тош қулаши жараёнларига мойиллиги билан ажралиб туради. Бундай ҳудудларда содир бўладиган фавқулодда вазиятлар транспорт ҳаракатининг тўхтаб қолиши, инсон қурбонлари ва катта иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлади.
newjournal.org zenodo.org 2 Ўзбекистон Республикасидаги асосий тоғ довонларида 2020–2025 йиллар давомида содир бўлган фавқулодда вазиятлар таҳлили уларнинг тасодифий эмас, балки тизимли характерга эга эканини кўрсатади. Қамчиқ довонида сел оқимлари, ер кўчишлари, тош қулаши ва йўл-транспорт ҳодисалари мунтазам қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолатлар транспорт-логистика барқарорлигига салбий таъсир кўрсатган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, фавқулодда вазиятлар хавфи фақат табиий омиллар билан чекланиб қолмайди. Уларнинг оғир оқибатларга олиб келиши кўп ҳолларда транспорт зичлиги, инфратузилманинг техник ҳолати ва бошқарув қарорларининг ўз вақтида қабул қилиниши билан боғлиқ. Айниқса, хавф юқори бўлган даврларда ҳаракатни чеклаш ёки тўхтатиш бўйича қарорларнинг кеч қабул қилиниши салбий оқибатларни кучайтирган. Илмий тадқиқотлар таҳлили фавқулодда вазиятларни бошқаришда идоралараро мувофиқлаштириш ҳал қилувчи омил эканини кўрсатади. Ахборот алмашинувидаги узилишлар, ваколатларнинг аниқ тақсимланмагани ва мувофиқлаштирилган қарор қабул қилиш моделларининг мавжуд эмаслиги фавқулодда вазиятлар оқибатларининг оғирлашишига олиб келади. Ўзбекистон амалиётида ҳам тоғ довонларида фавқулодда вазиятларга жавоб бериш жараёнида турли идоралар ўртасидаги ҳамкорлик кўп ҳолларда тизимли характерга эга эмаслиги кузатилади. Бу эса мувофиқлаштириш механизмларини илмий асосда такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, мувофиқлаштиришни институционал, ахборотли ва функционал элементларнинг оддий йиғиндиси сифатида эмас, балки ягона интеграциялашган бошқарув механизми сифатида шакллантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай ёндашув фавқулодда вазиятларга жавоб бериш тезлигини ошириш, инсон қурбонлари ва иқтисодий йўқотишларни камайтириш имконини беради. Хулоса
newjournal.org zenodo.org 3 Олиб борилган таҳлиллар тоғ довонларида фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш зарур эканини кўрсатди. Айниқса, Қамчиқ довони мисолида идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш фавқулодда вазиятлар оқибатларини камайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани аниқланди. Таклиф этилаётган ёндашувлар бошқа тоғ довонлари учун ҳам татбиқ этилиши мумкин. Фойдаланилган адабиётлар (қисқартирилган) 1. Alexander D. Principles of Emergency Planning and Management. Oxford University Press, 2013. 2. Wisner B., Blaikie P. At Risk: Natural Hazards. Routledge, 2014. 3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотлари (2020–2025).